Айрим манбаларда АҚШ Конгресси аллақачон бундай йирик миграция лойиҳаси бўйича таклиф тайёрлагани ҳақида ёзилмоқда. Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Шавкат Икромов Kun.uz'га берган интервюсида мавзу юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— Ғазо аҳолисини кўчириш эҳтимоли қай даражада?
— Ғазо аҳолисини кўчириш бугун пайдо бўлган масала эмас, тарихда ҳам бу масала бир неча марта кўтарилган. Фаластинликларни кўчириш ва кўчишга мажбурлаш ҳолатлари кузатилган. 1948 йилдаги Исроил ва араблар тўқнашувида 700 минг фаластинлик, 1967 йилда эса 300 минг фаластинлик ўзи яшаб турган жойдан чиқишга мажбур қилинган. Кейинги урушларда ҳам бундай ҳолатлар бўлиб турган.
БМТнинг сўнгги эълон қилинган 2019 йилдаги маълумотларига кўра, фаластинлик қочоқлар сони 5 млн 600 мингдан зиёд. БМТ қошида фаластинлик қочоқлар билан шуғулланувчи агентлик ҳам ташкил этилган, шунинг ўзи ҳам фаластинлик қочоқлар масаласи анча жиддий эканини кўрсатади.
Юқорида айтганимдек, тарихда фаластинликларни кўчиришлар бўлган, бундан жабр кўрган давлатлар ҳам бўлган, масалан, Иордания, Миср. Бу сафарги сценарий бошқачароқ бўляпти, яъни Яман, Ироқ, Миср, Туркия ҳудудлари эҳтимоли айтиляпти.
2023 йил ҳолатига Сурияда тахминан 438 минг фаластинлик бор, Иорданияда 2 млндан ошиқ, Ливанда эса 489 минг атрофида фаластинлик қочоқлар яшайди. 2014 йилдаги Суриядаги инқироз, фуқаролар уруши бошланиши, ҳарбий ҳаракатлар оқибатида тахминан 30 минг фаластинлик Иорданияга ўтган. Иорданияда 10-13 та аҳоли лагерида фаластинлик қочоқлар яшайди. Улар асосан БМТ қошидаги фаластинлик қочоқларга ёрдам бериш агентлиги томонидан берилган гуманитар ёрдамлар эвазига яшайди. Қочоқларнинг 18 фоизи Иордания фуқаролигини ола олган, қолганлари эса ҳали ҳам қочқин мақомида яшамоқда.
Иордания ўзи иқтисодий жиҳатдан барқарор бўлмаган давлат, ички муаммолари етарли. Шунинг учун фаластинлик қочоқлар уларга оғир юк бўлади. Суриядаги қочоқларнинг эса 80 фоизи қашшоқликда яшайди, гуманитар ёрдам олса ҳам, булар етарли бўлмаяпти.
— Аҳолини чиқариб юбориб, Ғазони бомбардимон қилиш ҳақидаги тахминлар бор эди. Бунга Туркия йўқ дея олиши мумкин, лекин бошқа давлатлар босимлар оқибатига рози бўлиши мумкинми?
— Миср президенти Сиси фикрига кўра, Ғазоликларни ўз ерларидан чиқариб юбориш “Фаластин иши”нинг тугаши бўлади, яъни бу конфликт Исроил фойдасига ҳал бўлишини англатади.















