Сиёсий таҳлилчи Шерзод Зиёев Дубайда 140 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтаётган БМТ иқлим саммитининг Ўзбекистон учун аҳамияти ва мамлакатнинг бугунги ташқи сиёсати ҳақида сўз юритди.

— Бу конференция бир неча сабабларга кўра аҳамиятлидир. Биринчи ўринда глобал иқлим ўзгаришлари дунё давлатларини бирдек ташвишга соляпти. Тўғридан тўғри хавф бўлмаган давлатлар учун ҳам бу нарса хавфли, чунки давлатлар иқтисодиёти бир-бирига боғлиқ. Сармоя, инсон ресурслари, логистика, капитал бозорларини боғлаб туради, иқлим ўзгаришлари эса иқтисодиётга таъсир қиляпти. Дунё мамлакатлари буни мувофиқлаштириш кераклигини тушуниб етди, шунинг учун БМТ даражасида кўриляпти.

80-90-йилларда иқлим ўзгаришлари бўйича кўп муҳокамалар бўлган. 2015 йилга келиб, Парижда иқлим ўзгаришлари бўйича келишувлар бошланган, 2018 йилда Ўзбекистон ҳам қўшилди бунга. Бутун инсоният иқлим ўзгаришларидан зарар кўряпти, бу ҳолат нисбатан ривожланмаган, аҳолиси кўп бўлган давлатларда гуманитар инқирозлар келтириб чиқариши хавфи туғиляпти. Вазият ўзаро ҳамжиҳатликни тақозо этяпти. Халқаро ташкилотлар бу борада фаол бўлиши керак.

2015 йилдаги Париж келишувига кўра, глобал ҳарорат кўтарилиши даражасини саноатлашув давригача бўлган кўрсаткичдан 2 даражадан ортиқ бўлмаган даражада ушлаб туриш кўзда тутилган. Лекин экспертлар фикрига кўра, асрнинг иккинчи ярмида иқлим ўзгаришлари кучайиб кетади, инсоният эса бунга кўникиши керак.

Ҳозирги конференцияда иқлим ўзгаришлари даврида иқтисодиётни, ижтимоий ҳаётни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади. Бундан ташқари, гендер тенглик, таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма каби масалалар ҳам бўлади.

Саммитда президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг биринчилардан бўлиб сўзга чиқиши биз учун қувонарли бу, албатта. Охирги йиллардаги Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсати нафақат ўзимиз учун, балки минтақа ва дунё давлатлари учун глобал аҳамиятга эга. Сўнгги йиллардаги Ўзбекистондаги расмий учрашувлар, давлат ташрифлари тарихий бир босқич бўлаётганини билдиради. Бу фаоллик Ўзбекистон имижини яхшилаяпти, дунёга очилишдан манфаатдормиз ҳам. Кўплаб давлатлар билан тенг муносабатлар олиб бораётганимиз Ўзбекистон дипломатиясининг ютуғидир.

Конференция мисолида оладиган бўлсак, қатор масалалар турибди, Ўзбекистон ривожланиши билан боғлиқ. Иқтисодиётда катта режалар қўйиляпти, 2030 йилгача ЯИМ ҳажмини 2 баробарга ошириш кўзланяпти, катта иш бу, лекин салоҳият бор. Халқаро ҳамкорликни жадаллаштириш орқали эришилади бунга. Дунёдаги геосиёсий, геоиқтисодий вазият, логистика тармоқлари, сармоялар масалалари бор.