«Юксалиш» ҳаракати ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг тасвирларини уларни «обрўсизлантириш мақсадида» тарқатганлик учун 15 сутка қамоқ жазоси белгилаш ҳақидаги қонун лойиҳаси атрофидаги вазиятга муносабат билдирди. Ҳаракат бу борадаги эътирозларни асосли деб ҳисоблаган ва бунинг сабабларини келтирган.

«Ички ишлар вазирлиги томонидан киритилган ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасида учинчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини обрўсизлантириш ёки хақорат қилиш мақсадида фото ва видео тасвирларни интернет ахборот тармоғида жойлаштирганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоқ билан жазоланишга оид норма жамоатчилик орасида кенг муҳокамага ва эътирозларга сабаб бўлмоқда. 

Жамоатчилик томонидан ушбу норманинг киритилиши бугунги очиқлик сиёсатига зид келиши ҳамда мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатга путур етказиши мумкинлиги таъкидланмоқда. «Юксалиш» ҳаракати мазкур эътирозларни қуйидаги сабабларга кўра асосли деб ҳисоблайди.

Биринчидан, қонунчиликдаги ҳар бир ўзгариш, айниқса, демократиянинг асосий белгилари бўлмиш инсон ҳуқуқлари ва давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлигига оид сиёсатга жиддий таъсир кўрсатувчи янги қоидани киритиш маълум бир асосларга эга бўлиш керак.

Яъни бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ходимларини интернет тармоғида асоссиз обрўсизлантириш ва ҳақоратлаш ҳолатлари жуда кўпайиб кетдими? Агар кўпайган бўлса аниқ рақамлар қанча? Сабаби нимада ва бу каби ҳолатлар тизимнинг соғлом ишлаши учун нечоғлик жиддий таъсир кўрсатмоқда? Албатта, бу саволларга жавоб берилиши лозим.

Иккинчидан, ушбу нормани асослаш учун фуқаролик кодексининг 99-моддаси ва «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонуннинг 4 ва 28-моддалари асос сифатида келтирилган. 

Яъни ушбу моддаларга кўра, шахснинг ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий дахлсизлиги, ишчанлик обрўси, шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, хусусий ва оилавий сири, номга бўлган ҳуқуқи, тасвирга бўлган ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи, бошқа шахсий номулкий ҳуқуқлар ҳамда туғилганидан бошлаб ёки қонунга мувофиқ фуқарога тегишли бўлган бошқа номоддий неъматлар тортиб олинмайди ва ўзга усул билан бошқа шахсга берилмайди. (99-модда)

Шу билан бирга, субъектнинг розилигисиз ёки бошқа қонуний асос мавжуд бўлмагани ҳолда шахсга доир маълумотларни ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.