Ғазода яна тинч аҳоли қурбон бўла бошлади, Украина президенти Россия армиясининг кучига тан берди, Россияга санкциялар масаласи яна кўтарилмоқда — дунёда рўй берган сўнгги воқеа-ҳодисалар, янгиликлар кун дайжестида

Ғазода гуманитар сулҳ тугаганидан сўнг Исроил армиясининг ҳарбий ҳаракатлари қайта бошланган. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, 1 декабр куни Исроил армияси зарбаларидан 32 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар, асосан аёллар ва болалар яраланган.

Исроил эса аввал ўзи томонидан хавфсиз ҳудуд деб эълон қилинган, шимолдан одамлар кўчирилган Ғазо секторининг жанубига кенг кўламли юриш бошлаши ва жанубдаги йирик шаҳар Хон Юнусни жанговар ҳаракатлар зонаси деб эълон қилган. Хабарларга ва тарқалган видеоларга кўра, шу кеча ҳам Исроил Хон Юнусдаги турар жой бинолари устига фосфорли бомбалар ёғдирилган.

Бу орада The Wall Street Journal нашри АҚШ 7-октябрдан буён Исроилга бункерга қарши бомбалар, шунингдек ўн минглаб бошқа турдаги қурол-яроғлар ва снарядлар етказиб берганини хабар қилди.

Украинанинг биринчи хоними Елена Зеленская эри Володимир Зеленский янги муддатга президент бўлиб сайланишини истамаслигини айтди. Бу ҳақда у The Economist нашрига берган интервьюсида таъкидлаб ўтган.

«У кейинги муддатга яна президент бўлишини истамайман... Биз янги нимадир ўйлаб топишимиз керак», — деган Украинанинг биринчи хоними.

Зеленский Россия армиясини «жаҳонда иккинчи» деб атади ва урушнинг янги босқичи бошланганини таъкидлади.

Украина «жаҳоннинг иккинчи армияси» билан урушмоқда шу сабабли Қримга қуруқликдан йўлак оча олмаган мамлакат қуролли кучларининг қарши ҳужумини қониқарли баҳолаш мумкин, деган у.

Зеленский қарши ҳужумнинг барбод бўлганини Украина ҳокимияти тезроқ натижаларни қўлга киритишни хоҳлагани билан тушунтирди. «Бу борада, афсуски, биз кўзланган натижаларга эриша олмадик. Бу — факт», деган у. Зеленский Ғарб ҳам қарши ҳужум учун зарур барча қурол-яроғларни етказиб бера олмаганига ҳам эътибор қаратган.

Зеленский қарши ҳужум тўхтатилгач, уруш янги босқичга чиққанини таъкидлаган. «Қиш — бу урушнинг янги босқичи. Биз ўз кучимизга ишонамиз. Чунки биз ўзимизга тегишли ҳудудлар учун жанг олиб бормоқдамиз», — деган у.