DW хабарига кўра, 18 октябр куни пойтахт Тиранада намойишлар яна кучайган. Полиция иштирокчиларга қарши сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.

Норозилик марказларидан бири Таълим вазирлиги биноси олди бўлган. У ердаги оломон тарқатилгач, намойишчилар шаҳар марказининг бошқа қисмларига ўтган ва тўқнашувлар бир неча соат давом этган.

AFP хабарига кўра, айрим иштирокчилар тош, ёнувчи аралашма солинган шишалар ва пиротехника отган, чиқинди қутиларини ёққан. Ҳукмрон партия қароргоҳи деразалари синдирилган, полиция бўлими ва Ички ишлар вазирлиги биносининг кириш қисмига ўт қўйилган.

18 октябрнинг ўзида 28 киши жабрланган. Улардан 19 нафари полиция ходимлари бўлган.

Шу куни Эди Рама намойишлар юзасидан халққа батафсил видеомурожаат қилган. Бир соат 14 дақиқа давом этган чиқишида у лавозимидан кетмаслигини билдириб, акциялар ортида «ташқи кучлар» турганини даъво қилган. Бош вазир Россия ва Эронни тилга олган.

Раманинг айтишича, намойишлар сафидаги талабалар уларга алоқаси бўлмаган, ниқоб таққан 200–300 кишилик кичик гуруҳ таъсирида қолган. У бу шахсларни тартибсизлик келтириб чиқаришга уринишда айблаган.

Вазият фонида Раманинг 19 октябрга белгиланган Венага ташрифи ва Австрия канцлери Кристиан Штокер билан музокаралари бекор қилинган.

Намойишлар 13 октябр куни Тиранада бошланган. Дастлаб иштирокчилар университетлардаги муаммоларни, жумладан, таълим тўловларининг юқорилиги ва коррупцияни бартараф этишни талаб қилган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги аралашув ҳақидаги айбловларни рад этган. Вазирлик расмий вакили Мария Захарова кўчаларга Албания фуқаролари чиққанини айтиб, Рамани ички муаммолар учун масъулиятни бошқаларга юкламасликка чақирган.

Россиянинг Тиранадаги элчихонаси эса намойишларга бевосита муносабат билдирмаган, бироқ ўз фуқароларини эҳтиёткор бўлиш ва одамлар кўп тўпланадиган жойлардан узоқроқ юришга чақирган.