Ўзбекистон | 13:25 / 05.12.2023
41594
3 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида ҳам жиноят олами вакиллари ушланди

Андижон вилоятидаги профилактик тадбирларда жиноят олами вакиллари, товламачилар, «ўзидан етакчи ясаб олганлар» ҳамда уларга яқин бўлган шахслар қўлга олинмоқда. Хусусан, безорилик, товламачилик ва гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларни содир этишда гумонланиб 3 нафар шахс ҳибсга олинди.

Андижон вилояти ҳудудида «Долзарб 40 кунлик» махсус профилактик тадбирлари доирасида бир қатор жиноят олами вакиллари, товламачилар, ўзидан «етакчи» ясаб олганлар ҳамда уларга яқин бўлган шахслар ушланмоқда, дея хабар қилди вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Хусусан, 2023 йилнинг 2 декабр куни ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида:

  • муқаддам Жиноят кодексининг 219 (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш), 238 (Ёлғон гувоҳлик бериш), 241 (Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш), 165-моддаларида (Товламачилик) назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун бир неча маротаба судланган, Андижон туманида яшовчи, 1985-йилда туғилган Байхнов Ноуфал Алишерович;
  • муқаддам Жиноят кодексининг 97 (Қасддан одам ўлдириш), 164 (Босқинчилик), 165-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун бир неча маротаба судланган, Андижон шаҳрида яшовчи,1989-йилда туғилган Умаров Умидбек Рафукжонович;
  • муқаддам Жиноят кодексининг 159-моддасида (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганлиги учун судланган, Қўрғонтепа туманида яшовчи, 1961-йилда туғилган Мамажонов Дилмурод Адҳамжанович ушланган.

Улар вилоят ҳудудида майда безорилик, товламачилик, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш, гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ жиноятларни содир этгани аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ЖКнинг 165, 251−1 (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш), 273-моддаларига (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) асосан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Агар ушбу шахслардан жабр кўрган бўлсангиз ёки ушбу шахсларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотларга эга бўлсангиз, Андижон вилояти ИИБнинг «102» рақами ёки 97−432−10−20 телефон рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади», дейилади хабарда.

Мавзуга оид