Якшанба куни Венесуэлада бўлиб ўтган референдумда овоз берганларнинг 95 фоиздан ортиқ қисми - 10,5 миллион киши расман қўшни Гайанага тегишли бўлган нефтга бой Гайана-Эссекибо ҳудуди устидан суверенитет ўрнатилишини маъқулаган.
Расмий маълумотларга кўра, венесуэлаликларнинг аксар қисми мамлакатга янги Эссекибо штатини қўшиб олиш тарафдори эканини билдирган. Президент Мадуро овоз беришдаги бундай натижани сўзсиз ғалаба деб атаган.
Гайана бундай референдум ўтказилишини қоралаб, буни Венесуэла ҳукуматининг ўзга ҳудудни аннексия қилиш режасини оқлашга қаратилган тажовузкор уриниш деб баҳолаган.
Гайана-Эссекибо асрлар давомида ҳудудий низолар сабаби бўлиб келади. Каракас мамлакат 1800-йиллар бошида Испаниядан мустақилликка эришганида ушбу регион Венесуэлага ўтганини айтади. Гайана ҳукумати эса бунга жавобан Гайана-Эссекибо ҳудуди Британия Гвианаси таркибида бўлганини билдиради, мазкур мустамлака кейинчалик мустақил Гайанага айланган.
Аммо Венесуэла ҳеч қачон бунга қўшилмаган, ушбу мамлакат хариталарида Гайана-Эссекибо ҳамиша баҳсли ҳудуд сифатида штрихланган.
2015 йилда дунёдаги энг йирик нефт компанияларидан бири, Американинг ExxonMobil компанияси Гайана-Эссекибода йирик нефт конини топгач, ушбу можаро янгидан авж олди.
Ҳудудий масаладаги умумхалқ референдуми Венесуэла президенти Николас Мадуро ташаббуси билан ўтказилди.
Расмий Каракас овоз бериш натижаларига асосланиб нима қилиши ҳозирча номаълум, аммо баҳсли ҳудудни куч билан эгаллашга қаратилган ҳар қандай уриниш халқаро ҳамжамиятнинг кучли қаршилигига учрайди, дейишмоқда кузатувчилар.
Венесуэлага таъсир қилиш усулларидан бири АҚШнинг ушбу мамлакатнинг нефт компанияларига нисбатан санкцияларининг тикланиши бўлиши мумкин. Бундай санкциялар кўп йиллар мобайнида амал қилиб келган ва фақат шу йил октябрида юмшатила бошланганди.

Гайана-Эссекибо тарихи
Гайана-Эссекибо региони 159,5 минг кв. км ҳудудни эгаллайди ва Гайананинг бутун ҳудудининг учдан икки қисмини ташкил этади.
1899 йилда Париждаги халқаро арбитраж суди ушбу ҳудудни Британияга берган, инглизлар эса бу ерда — Британия Гвианасини ташкил этишган.
1966 йилда Британия бошқарувни маҳаллий расмийларга топширади ва собиқ мустамлаканинг бутун ҳудудини ўз ичига олган мустақил Гайана шаклланади.
















