Ўзбекистон | 12:45 / 05.12.2023
17388
2 дақиқада ўқилади

Наманганда ҳам рейдлар: 13 та қурол, минглаб психотроп ва гиёҳвандлик моддалари топилди

Наманган вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўтказган тезкор-профилактик тадбирларда тергов ва суд органларидан яшириниб юрган 35 нафар шахс ушланган.

Фото: Наманган вилоят ИИБ

Наманган вилояти ҳудудида ҳам жиноятчиликка чек қўйиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида ички ишлар органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.

Хусусан, ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида 20 та ҳолатда кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддалари, 7 та ҳолатда 4.615 дона психотроп дори воситаларини сақлаш ва ўтказиш ҳолатлари, 13 дона ноқонуний қурол ҳамда 190 дона ўқ-дориларни сақлаш ҳолатлари, 61.000 донадан ошиқ турли хил пиротехника воситаларини қонунга хилоф равишда муомалага киритилишига чек қўйилди.

Шунингдек, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган 35 нафар шахслар ушланган.

Бундан ташқари, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида махсус тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.

Вилоят ИИБ аҳолидан ўтказилаётган тезкор-профилактик тадбирлар давомида хавфсизлик қоидаларига риоя этишни ва хавотирга берилмасликни сўради.

Сўнгги вақтда фаоллашиб қолгани айтилаётган жиноий гуруҳларга нисбатан рейдлар бўлмоқда. Хусусан, охирги бир неча кун ичида Ўзбекистонда жиноят оламининг ўнлаб вакиллари қўлга олиниб, улар устидан тергов ҳаракатлари бошланди.

Мавзуга оид