Ҳўш, араб лидерлари ва Путиннинг муҳокама мавзуси нималар? Россия Яқин Шарқдан нима хоҳлайди? “Геосиёсат”да шу каби саволлар билан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга юзланди.

Путиннинг Яқин Шарққа бориши асосан келаси йилги сайловлар билан боғлиқми ёки геосиёсий эҳтиёж биланми?

— Бу ерда 3 та муҳим нуқта бор: геосиёсий омил, сайлов (ички сиёсат) ва геоиқтисод. Россия ички сиёсатида араб давлатлари билан алоқалар об-ҳаво ҳосил қиладиган омил эмас. Саудия ва БАА Россия учун қулай давлатлар, улар ўртасида қарама-қаршиликка сабаб бўлувчи омиллар йўқ. Бир вақтлар Саудия ва БАА Ғарбнинг асосий иттифоқчиларидан эди, аммо бугун вазият ўзгаряпти.

Россия ички сиёсатидаги энг безовта қилувчи омил – Россиянинг иқтисодий аҳволи. Чунки Украина босқини бошлангач, унга нисбатан кўплаб санкциялар қўлланди. Энди иқтисодий аҳвол анча таранг. Араб давлатлари билан алоқалар жамият кайфиятига таъсир қилмайди, аммо иқтисодий имкониятлар яратади. Бу 3 давлатни бирлаштирувчи ягона платформа – нефт қазиб олиб сотувчи давлатларнинг OPEC+ платформаси. Россия расман OPEC ташкилотига кирмайди, аммо бу ташкилотга аъзо бўлмаган, фақат нефт қазиб олиш ҳажми ва нархини келишишда иштирок этадиган давлатлар учун OPEC+ формати бор. Россия нефт нархига таъсир қилишни истайди.

Лекин Путиннинг у ерга боришидан асосий мақсади – геосиёсий масалалар, менимча. 7 октябрда бошланган Исроил-ҲАМАС уруши минтақадаги вазиятни янада қутблаштирди. Украина уруши бошлангандан кейин араб давлатлари босқичма-босқич секинлик билан Вашингтон ва Украинага яқинлашаётган эди. Ғазодаги урушдан бир неча ой олдин Саудия ташқи ишлар вазири ва БААнинг раҳбарлари Украинага келди ва 400 млн долларлик гуманитар ёрдамлар таклиф қилди. Аммо 7 октябрдан кейин геосиёсий вазият кескин ўзгарди. Бу вазиятда Путин мувозанатни ушлаб қололди, аммо Зеленский буни эплолмади. У тўлақонли Исроил тарафида бўлиб, ҲАМАСни Россия каби террористик характерга эга деди. Босиб олинган Фаластин ерлари ҳақида эса ҳеч нарса демади. Шу орқали араб давлатлари Зеленскийдан маълум даражада совиди. Путин эса моҳир сиёсатчи сифатида бу вазиятдан унумли фойдаланиб, “Исроил билан муносабатларимиз яхши, аммо биз ҳар доим Фаластин давлати тузилиши тарафдоримиз”, деган фикрни айтди ва оммавий қатлиомни юмшоқ тарзда қоралаб ҳам ўтди. Бу билан геосиёсий мувозанатни ушлаб қолди.

Совет иттифоқи қулашидан олдин Яқин Шарқ тўлақонли АҚШ назоратида эди, бугун ҳам Яқин Шарқ АҚШ хавфсизлик тизими доирасида турибди. Араб амирлиги ҳам, Саудия ҳам энг катта қурол-яроғни барибир АҚШдан олади, аммо вазият мураккаблашиб боряпти. БАА ва Саудия БРИКСга кирмоқчи.