Жамият | 14:25 / 08.12.2023
18594
2 дақиқада ўқилади

«Бу муаммо ҳар қишда қаршимиздан чиқмоқда» — Шифокор пиротехника воситалари зараридан огоҳлантирди

Янги йил яқинлашгани сайин кўча-кўй, тураржойлар атрофи ва бошқа жамоат жойларида «пақилдоқ»лар қулоқни қоматга келтира бошлади. Пиротехника воситаларининг асосий харидори бўлган ўйинқароқ болалар-у ўсмирларни нега ота-оналари, яқинлари, устоз-мураббийлари, кенг жамоатчилик вакиллари етарлича назорат қилмаяпти?

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов пақилдоқларнинг саломатлик ва ҳаёт учун хавфли жиҳатлари хусусида яна бир бор огоҳлантирди.

«Бу мавзуга такрор-такрор тўхталамиз, пақилдоқларнинг саломатлик ва ҳаёт учун хавфли жиҳатлари хусусида чиқишлар қиламиз. Лекин, афсуски, бу муаммо ҳар қиш фаслида қаршимиздан чиқаверади.

Мана, ўтган мавсумда янги йил арафаси ва байрамдан кейинги кунларда пиротехника воситаларидан олинган жароҳатлар туфайли марказимиз ҳамда унинг ҳудудий филиалларига ўнлаб оғир аҳволдаги беморлар мурожаат қилди. Энг ёмони, улардан 50 фоизи шифохонада узоқ ётиб даволанишига тўғри келди. Ҳатто баъзилари ҳануз асоратлардан азият чекмоқда.

Чунки бундай воситаларнинг бехосдан қаттиқ пақиллаши кишиларни чўчитиб, юрак-қон томир тизимига ўта салбий таъсир кўрсатади. Ушбу ҳолат фожиали ўлим билан ҳам якун топиши мумкин:

  • Юз, кўз, қўл соҳаларида оғир куйиш жароҳатлари;
  • кўзлар шикастланиши ва кўриш фаолияти қисман ёки бутунлай бузилиши;
  • жароҳат асорати билан боғлиқ пластик операцияларга муҳтожлик, куйган соҳаларда дағал чандиқлар;
  • қўл бармоқлари соҳаларида контрактуралар ҳосил бўлиши пақилдоқ ва салютларнинг салбий оқибатларидир.

Қолаверса, пиротехника воситалари шовқинидан қаттиқ қўрқиш туфайли руҳий бузилиш, сурункали асаб ва қон-томир тизими касалликлари, қандли диабет, ҳомилага зиён етиши эҳтимоли юқори.

Яқин масофада пиротехника пақиллашидан инсон баротравма ва акустик жароҳатлар олиб, карлик ёки умрбод қулоқ шанғиллаши (тиннитус) касаллигига йўлиқиши мумкин».

Эслатиб ўтамиз, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга олиб кириш ёки ўтказиш – ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, 1 млн 700 минг сўмдан 6 млн 800 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.

Мавзуга оид