Демократик жамиятларда сайловчиларнинг у ёки бу масаладаги фикри ўзгариши маълум вақт ўтиб сиёсий қарорларга таъсир қила бошлайди. Хўш, дунёнинг энг катта демократияси бўлмиш АҚШда Исроил ва Украинани қўллаш позициясига нисбатан жамоатчилик қандай муносабатда бўляпти? Kun.uz шу ҳақдаги саволлар билан “Америка овози” муҳаррири Навбаҳор Имамовага юзланди.

— АҚШ жамиятида ҲАМАС-Исроил уруши қандай муҳокама қилиняпти?

— 7 октябрдан кейин АҚШнинг деярли барча йирик шаҳарларида Исроил ва Фаластин тарафдорлари томонидан намойишларни кузатдик. Оқ уй, Конгресс олдида намойишлар кунига бир неча марта бўлаётган эди, ҳозир бироз пасайган. Лекин бошқа бир динамика бўляпти. Яқин Шарқ масаласи доим қўзғалиб турарди, шунинг учун одамлар ўрганиб қолганди, аммо Ғазода қон тўкилиши кўлами кўпайгач, бунга муносабат кескин ўзгарди.

Америкаликлар биз нега Исроилни қўллаяпмиз, деган саволни қўя бошлади. Оммавий сўровномалардан ҳам буни кўриш мумкин. Жамиятда нега Фаластин ҳалигача мустақил бўлмаяпти, қурол-яроғга ажратилаётган пуллар қаерга кетяпти каби саволлар кўп янграяпти.

Америкаликларнинг аксарияти Исроилни қўллаб келган. АҚШ аҳолисининг 2,5 фоизи яҳудий, мусулмонлар эса 1 фоиз. Аммо охирги пайтда Фаластин тарафдорлари жадаллик билан кўпайяпти. Тенденция ўзгаряпти. Исроилни қўллаб келаётганлар ҳам позициясини аниқлаштириб, биз фақат яҳудий давлати тарафдоримиз, босқинчилик тарафдори эмасмиз, деяпти. Яъни Исроил тарафдорлари ҳам ҳозирги ҳукумат қилаётган ишларни қоралаяпти. Ҳатто республикачи сиёсатчилар орасида ҳам шундай қарашлилар бор. Лекин барибир умумий ҳолатда Исроилни қўлловчилар кўп.

Европада Фаластинни қўллаш доим АҚШдагидан юқори бўлган. АҚШда энди мана шу нарса кучаймоқда, намойишчиларнинг аксарияти Фаластинни қўлловчилар томонидан бўлди. Айниқса, 18-34 ёш оралиғидаги америкаликлар ичида Фаластинни қўллаш кучайяпти. Исроил тарафдорлари – асосан республикачи консерваторлар. Демократлардаги ёшлар ичида Исроилга нисбатан ғазаб катта.

Яқин Шарқ масаласида мутлақ иккига бўлиниш йўқ бу ерда, турлича позициялар мавжуд. Ироқ, Афғонистон урушларида ҳам дастлаб ҳукуматни қўллаш кучли бўлган, кейин сусайган. Исроил ва Фаластин можароси жуда узоқ йиллик бўлгани учун бу нарса одатий ҳол бўлиб, чақнаш кўрсатмас эди жамиятда. Бугун эса саволлар кўпаймоқда.

Одамлар Исроилдан воз кечайлик, демаяпти, балки яҳудийларни қўллайлик, Исроилнинг ҳозирги сиёсатини эмас, деяпти. Босим анча юқори, президентлик сайловларида ҳам асосий нуқталардан бири бўлади бу масала.