Жаҳон | 09:36 / 14.12.2023
5194
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Сенати мамлакат мудофаа бюджетини тасдиқлади

АҚШ мудофаа бюджети лойиҳасида Украинага ҳарбий ёрдам учун 300 миллион доллар ажратиш кўзда тутилган.

Фото: Leigh Vogel/Getty Images for Resist Trumpism

АҚШ Сенати 13 декабр, чоршанба куни мамлакатнинг 2024-молия йилига мўлжалланган мудофаа бюджетини - Миллий мудофаага рухсат бериш тўғрисидаги қонунни 886,3 миллиард доллар миқдорида маъқуллади. Бу ўтган йилга нисбатан 28 миллиардга (3 фоиз) кўпдир.

Овоз бериш жараёнида Сенат аъзоларининг 87 нафари лойиҳани қабул қилишни маъқуллади, 13 нафари қарши чиқди. Лойиҳа Вакиллар палатасига ўтказилди. Қонун чиқарувчилар бюджет ҳафта охиригача ҳар икки палатадан ўтиб, имзолаш учун президент Жо Байденга жўнатилади деб умид қилмоқда.

Қонун лойиҳаси 3 мингдан ортиқ саҳифани ўз ичига олади ва мамлакат мудофаа эҳтиёжлари учун юқори маблағларни таклиф қилади. Ҳарбийларнинг иш ҳақи сезиларли даражада ошади - 5,2 фоизга. Бу АҚШ тарихидаги рекорд бўлади.

Украинага йиллик ёрдам 300 миллион долларни ташкил қилади

Америка қонун чиқарувчи органининг тегишли қўмиталари томонидан келишилган мудофаа бюджети лойиҳасида Украинага ҳарбий ёрдам учун 300 миллион доллар ажратилиши кўзда тутилган. Қонун чиқарувчилар, агар керак бўлса, 2025-молия йилида ҳам худди шундай эҳтиёжлар учун 300 миллион ажратиш ниятида. Умуман олганда, Киевга ёрдам 2026 йил охиригача узайтирилди.

Ҳарбий бюджет - АҚШ ҳарбий харажатларининг фақат бир қисми. Ҳарбий маблағлар турли бюджет моддалари бўйича тақсимланади, масалан, ядровий қуролга сарфланадиган харажатлар Энергетика вазирлиги йўналишига тегишли. Шунингдек, бошқа давлат идоралари ва департаментларининг ҳарбий харажатлари, Давлат департаментининг хорижий ҳарбий ёрдамга сарфланган харажатлари ва бошқалар мавжуд.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид