Жамият | 18:20 / 14.12.2023
12701
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллий ҳокимият органларини ривожлантириш бўйича янги лойиҳа ишга туширилмоқда

USAID билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳа самарали, очиқ ва ҳисобдор ижро ҳокимияти тизимини яратиш ҳамда давлат бошқарувини номарказлаштиришга қаратилган. Лойиҳа қиймати – 15,2 млн доллар.

Фото: Адлия вазирлиги

Ўзбекистонда “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ривожлантириш ва давлат бошқарувини номарказлаштириш” лойиҳаси ишга туширилди. Бу ҳақда 2023 йил 14 декабр куни Адлия вазирлиги ҳамда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда маълум қилинди.

Адлия вазирлиги, Давлат бошқаруви академияси, Давлат xизматини ривожлантириш агентлиги ва АҚШ Xалқаро тараққиёт агентлигининг (Chemonics International) ўзаро ҳамкорлигида амалга оширилаётган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 15,2 миллион долларни ташкил қилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Лойиҳада ижро ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш, кадрлар ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича аниқ мезонларни ишлаб чиқиш, ҳокимиятнинг вакиллик органлари ва ижро ҳокимияти идоралари ўртасида яқин ҳамкорликни таъминлаш, давлат бошқарувида очиқликка асосланган, самарали қарорлар қабул қилиш тизимини татбиқ этиш ва давлат бошқарувини ҳаддан ташқари марказлаштиришдан воз кечиш, такрорланувчи вазифа ва функцияларни бекор қилиш, давлат органларини фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий аxборот воситалари билан ҳамкорлигини ошириш, ҳисобдорлик ва жамоатчилик назорати каби масалалар назарда тутилган.

Лойиҳани ишга туширишга бағишланган тадбирда Адлия вазирлиги ва АҚШ Xалқаро тараққиёт агентлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Ҳужжатда маҳаллий давлат ҳокимияти фаолияти самадорлигини таъминлаш ва унда фуқаролар иштирокини рағбатлантириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари салоҳиятини кучайтиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Мавзуга оид