Экспертлар фикрича, бу чораларни жуда шошилинч деб қараш мумкин, тухум нархи ошиши бутун бир сабаблар мажмуаси туфайли содир бўлган. Жумладан, ҳарбий сафарбарлик туфайли ишчилар сони етишмаслиги, мигрантлар ишдан кетиши ва ишлаб чиқариш таннархи ошиши туфайли.

Товуқ тухуми Россияда бир неча ойдан буён асосий истеъмол маҳсулотлари ичида нарх ошиши борасида етакчилик қилмоқда. Росстат маълумотларига кўра, сўнгги икки ой — октябрдан декабргача мамлакат бўйлаб 10 дона тухумдан иборат тўплам нархи ўртача нархи 34 фоизга қимматлаб, 97 рублдан 116,5 рублга етган.

Йил бошидан буён тухумнинг чакана нархи 36,5 фоизга, 2022 йил декабридан эса 42 фоизга ошган.

Асосий истеъмол маҳсулотларидан бири бўлмиш тухум нархи ошиши федерал ҳукуматнинг ҳам диққатини жалб қилган. РФ Бош прокуратураси «фуқаролар ҳуқуқларини асоссиз нарх ошишидан ҳимоя қилиш» важи билан текширишлар ўтказиши ва чора кўришни бошлашини эълон қилган.

Рязандаги дўконлардан бирида харидорлар нархларни ўрганишмоқда. Фото: ALEXANDER RYUMIN / TASS

Федерал аксилмонополия хизмати эса аввалроқ савдо тармоқларига товуқ тухумларига устама нархни ўз ихтиёрлари билан чеклашни таклиф қилган. Савдо тармоқлари бу таклифга тушуниш билан муносабатда бўлишган ва «Азбука вкуса» ритейлери 10 фоизлик устама билан чекланган.

13 декабр куни Россия ҳукумати Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг тухум импорт қилишга божни ноллаштириш таклифини қўллаб-қувватлаган. Айни пайтда 15 фоиз атрофида белгиланган бож 2024 йил 1 январидан 30 июнгача бекор қилинади. РФ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги шу йўл билан маҳсулот нархи ўсишини тўхтатишдан умидвор.

Тухум, жумладан, Туркиядан ҳам олиб кирилади. Росселхознадзор 8 декабрдан бошлаб Туркиядаги 17 та паррандачилик фабрикасидан товуқ тухумларини импорт қилишга рухсат берган.

Ноябр ойи бошларида РФ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги истеъмол тухумлари ва айрим турдаги парранда гўштларини экспорт қилиш тўғрисидаги ҳукумат қарорлари лойиҳасини тайёрлаганди.

Россияда товуқ тухуми нархи бу қадар ўсиб кетишига сабаблар нимада? Россия ҳукумат кўраётган чоралар муаммони ечишга ёрдам берадими? BBC бу борада таҳлилий мақола эълон қилди