Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрулло Иноятов Германия тараққиёт банки (KfW)нинг Марказий Осиё, Кавказ ва Шарқий Европа департаменти бошлиғи Веионика Гарсиа Дел Арко бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, KfW билан ҳамкорликда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, тиббий муассасаларни модернизация қилиш, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, муқобил энергия манбаи билан таъминлаш ва тиббий таълим бўйича қатор инвестициявий ва грант лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланиб, молиявий келишув доирасида стратегик шерикликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, учрашувда кейинги йил Германияда икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида бўлиб ўтадиган музокараларида янги лойиҳаларга маблағ ажратиш бўйича вазирликнинг таклифлари тингланди.
Мулоқот якунида «Термиз шаҳрида тиббий кадрлар тайёрлаш ва қўшимча таълимни модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги муҳим келишув имзоланди.
13,5 миллион евродан иборат KfW банки грант лойиҳаси ва Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг 4 миллион евролик маблағи ҳисобига йўлга қўйиладиган мазкур лойиҳа тиббиёт ходимларини илғор Германия стандартлари асосида касбий тайёрлаш ва малакасини оширишни назарда тутади.
Унинг доирасида Термиз шаҳридаги тиббиёт коллежини зарур жиҳозлар, шу жумладан, симуляцион ускуналар билан таъминлаш орқали тиббиёт ходимлари тайёрланади.
















