Ғазодаги вазият

Фаластин қочқинлари ёрдам бериш бўйича БМТнинг Яқин Шарқдаги агентлиги Ғазо секторидаги навбатдаги ҳисоботини тақдим этди.

Унга кўра, 7 октябрдан буён Ғазо секторида қарийб 1,9 млн киши ўз тураржойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган, миллиондан ортиқ одамлар Ғазонинг жанубидаги Рафаҳ шаҳридан бошпана топган.

Ғазо жанубидаги БМТнинг бошпаналари тўлиб тошган, бу эса сув борасида тақчиллик ва касаллик тарқалиши эҳтимолини кучайтиради. Ўн минглаб фаластинликлар кўчаларда яшашга мажбур бўлишмоқда. 360 мингдан ортиқ юқимли касалликлар ҳолатлари аниқланган. Ғазо аҳолиси озиқ-овқат тақчилигига дучор бўлган.

«Мажбурий кўчирилган фаластинликлар учун бошпана бўлиб хизмат қилаётган уйлардан бирида 40 минг одам яшамоқда. Улар одеёл ва полиэтилен плёнка билан бўлинган катакларга жойлашишган», — деган БМТ агентлиги раҳбари Филипп Лаззарини.

7 октябрдан буён БМТ объектларига Исроил томонидан тўғридан тўғри ёки билвосита 150 марта зарба берилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус Ғазо секторидаги шифохоналарнинг бор йўғи 30 фоизи фаолият кўрсатаётганини таъкидлаган.

«Ғазонинг соғлиқни сақлаш тизими коллапс ёқасида. Яна бир минимал фаолият кўрсатиб турган шифохонанинг йўқотилиши тизимга жиддий зарба беради», — деган Гебрейесус. У шифохоналар, тиббиёт персонали ва беморларга ҳужумлар бас қилиниши лозимлигини таъкидлаган.

Сўнгги бир кун ичида Ғазода ҳалок бўлганлар сони 214 кишига кўпайиб, жами қурбонлар сони 19 минг 667 кишига етган. Ярадорлар 52,5 мингдан ошган.

Франция Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилига келиб ноқонуний жойлашиб олган яҳудийларга нисбатан санкциялар жорий қилади. Расмий Париж араб турғунларига қарши зулмни тўхтатиш учун Исроил томонидан оккупация қилинган Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳили ерларига келиб жойлашиб олган экстремистик кайфиятдаги яҳудий кўчкиндиларига қарши чеклов чораларини қўлламоқчи.

Исроил президенти мамлакат ҲАМАС билан янги вақтинчалик сулҳ тузишга тайёр эканини эълон қилди.

«Мен Исроил гаровдаги фуқароларини озод қилиш учун яна бир ҳуманитар паузага ва қўшимча ҳуманитар ёрдамга тайёр эканини тасдиқлашим мумкин», — дея Исҳоқ Ҳерцогнинг сўзларини келтирмоқда The Times of Israel нашри.