Жаҳон | 17:03 / 23.12.2023
8045
2 дақиқада ўқилади

Нидерландия Украинага етказиб бериш учун 18 та F-16 қирувчисини тайёрламоқда

F-16 қирувчи самолётлари Украина Ҳаво кучларини мустаҳкамлайди, дея ишонтирмоқда Нидерландия мудофаа вазири Оллонген. Киевга жанговар машиналарни етказиб беришдан олдин бир қатор шартларни бажариш керак, деди бош вазир Рютте. 

Фото: AP

Нидерландия Украинага 18 та кўп мақсадли F-16 қирувчиларини топширади. Бу ҳақда қироллик бош вазири Марк Рютте 22 декабр, жума куни Украина президенти Володимир Зеленскийга телефон орқали мулоқоти чоғида маълум қилди

Жанговар машиналарни етказиб беришдан олдин бир қатор шартлар бажарилиши керак, деди Рютте. «Экспорт рухсатномасидан ташқари, етказиб бериш бир қатор бошқа мезонларга, жумладан, кадрлар ва инфратузилма талабларига ҳам жавоб бериши керак», — деб ёзди Нидерландия ҳукумати раҳбари X ижтимоий тармоғида аниқ муддатларни кўрсатмасдан. 

Ҳарбий самолётларни Киевга топшириш қарори «Нидерландиянинг Украинага Россия агрессиясига жавоб бериш учун зарур бўлган ёрдамни кўрсатишга содиқлигини тасдиқлайди», деб қўшимча қилди Рютте. Ўз навбатида Нидерландия мудофаа вазири Кайса Оллонген АҚШда ишлаб чиқарилган қирувчи самолётлар Украина Ҳаво кучларини мустаҳкамлашига ишонч билдирди.

Руминияда F-16 самолётларида украиналик учувчиларни тайёрлаш 

Ноябр ойи бошида Руминиядаги Фетешти ҳарбий-ҳаво базасида украиналик учувчиларни F-16 самолётларини бошқаришга ўргатувчи марказ очилди. Ўша ойда биринчи бешта қирувчи ўқув марказига юборилди. Украиналикларнинг тайёргарлиги бир неча ой давом этиши кутилмоқда. Айни пайтда, НАТОга аъзо учта давлат - Нидерландия, Дания ва Норвегия бу самолётларни Украинага топширишга ваъда берган. 

Мавзуга оид