Самарқандда кузатилган ҳолат бунга ёрқин мисол. Давлат муассасаларида ишлаб келган аёл ҳамкасб танишининг қайнотаси номига олинадиган кредитга биргаликдаги қарз олувчи бўлиб ариза топширган. Бугунга келиб аёл наинки дугонасидан айрилди, балки бир неча ойдан бери бошқалар учун ишлаб беряпти. Пластик картасига тушаётган ойликнинг ярмини банк, ярмини мажбурий ижро бюроси ечиб оляпти.
Озода Самадова дугонасининг илтимосига кўра унинг қайнотаси кредит олишига кўмаклашар экан, ҳеч қандай манфаатдорлик кўзламаганини айтмоқда. Аслида ҳам бундай ҳолатларни бугун истаганча кузатишимиз мумкин. Таниш ёки қариндошимизнинг юзи иссиқлик қилиб кафил бўляпмиз ва банклар эртага ҳоли-жонимизга қўймаяпти. Аниқроғи, емаган сомсага пул тўлашга мажбур бўляпмиз.

Бугунга келиб Самадовадан дугонаси воз кечиб кетган, бирга ишламаяпти ҳам. Асосий қарздор Эркин Бўриев эса мен сени танимайман, деяпти. Шу сабабли АТБ “Капиталбанк”дан “Малибу 2” учун олинган 224 млн сўм қарз суд қарори билан Самадованинг ойлигига ҳам қаратилган.
Айни вақтда ушбу кредит эвазига гаров ва тақиқда турган автомашина йўқотилган. Қаердалиги номаълум.
Вазият бўйича, “Капиталбанк” акциядорлик тижорат банки Самарқанд вилоят филиали масъулларидан изоҳ олдик.

Банк ушбу вазиятда қўли боғланиб қолгани, расмийлаштирилган ҳужжатларга кўра, Самадова ҳам биргаликдаги қарздор бўлгани учун қарз унинг ойлигига қаратилганини айтмоқда. Бўриев ҳозирда ишсиз, номида ҳам ундириш мумкин бўлган бирор мулк йўқ. Асосий қарздор бўлмиш Бўриевнинг қўй-қўзиларига ишонган банк бугун амалда ҳеч нарса қилолмайди, муаммоли кредитни биттага кўпайтириб олганидан таассуфда.
Мажбурий ижро бюросига кўра, айни вақтда “Малибу 2”нинг қарзини фақат Самадова тўлаб келяпти. Асосий қарздор Бўриевда мулк ҳам, иш ҳақи ҳам йўқ. Гаровга қўйилган, ҳозирда таъқиқда бўлган “Малибу”ни эса топиб бўлмаяпти.
Мажбурий ижро бюросига кўра, Бўриев номидан охирги марта 2023 йил июн ойида тўлов қилинган. Шундан буён унинг номига иш ҳақи ёзилмаган ва фақат Самадованинг ойлигидан ушлаб қолиняпти.
Гаровдаги машина йўқотилгани учун Бўриев иши МИБ суриштирув бўлимига ўтказилиши маълум қилинди. Шундагина Бўриевга нисбатан қандайдир таъсир чораси қўллаш мумкин бўларкан.





















