Ўзбекистон | 14:27 / 25.12.2023
5187
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ноқонуний майнинг ферма ташкил этган шахслар давлатга 5 млрд сўм зарар етказди

Икки нафар шахс ўзига тегишли бўлган МЧЖнинг хўжалик ҳудудида майнинг ферма ташкил этиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келган.

Самарқанд вилояти ИИБ Киберхавфсизлик бўлими ходимлари ва вилоят ҲЭТК мутахассислари билан ҳамкорликда электрон технологиялар ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилган.

Тадбирларда Самарқанд шаҳрида яшовчи 51 ёшли С.Б. ўзига тегишли бўлган МЧЖ хўжалик ҳудудида 13 та ноқонуний майнинг фермасини ташкил қилиб, шаҳар ЭТК билан шартнома тузмасдан, 10 дона "Abtiminer S19", 3 дона "Whatsminer M30" майнинг қурилмаларини электр тармоқларига ноқонуний улаб, иш фаолиятини юритиб келаётгани аниқланган.

Текширувларда ушбу шахс майнинг-фермаларни ҳеч қандай рухсатнома ва ҳужжатларсиз электр тармоғига ноқонуний уланиб, 2 млрд 530 минг сўм моддий зарар келтиргани аниқланган.

Бош прокуратура матбуот котибининг хабар беришича, Нуробод туманидаги МЧЖ раҳбари Б.С. жамиятга қарашли худуддаги бинода умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ноқонуний уланиб, крипто-актив ва майнинг фаолиятини қонунга ҳилоф равишда амалга ошириб келиб, 2,5 млрд сўмлик 703 минг кВт электр энергиясини ўғирлаган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. C.Б.нинг содир этилиб, фош қилинмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Мавзуга оид