“Томошабиннинг ўзи санъат асарини қабул қилмай қўйди. Масалан, «Миллион» жамоасини ҳамма танқид қилади, лекин неча кун концерт берса ҳам, зал тўла бўлади. Сериалларнинг савиясизлиги билан боғлиқ муаммонинг илдизи асосан хусусий каналларга бориб тақалади. Муҳокамага сабаб бўладиган саҳналарни томошабиннинг ўзи талаб қилади”. Маданият вазири Озодбек Назарбеков Kun.uz’га берган интервюсида президент раислигида Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидан хулосалар ҳақида фикр юритди.

22 декабр куни президент Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди. Тадбирда маънавият, маърифат, маданият, санъат ва ижод соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Kun.uz мухбири нима учун ушбу мавзулар президент даражасида кўтарилиб муҳокама қилингани, жадидлар масаласи нега ҳамон долзарблиги, театр санъати аҳволи ҳозир қандай экани ва нима ўзгаришлар бўлиши кутилаётгани, сериалларнинг савиясизлигидаги муаммонинг илдизи қаердалиги каби саволлар юзасидан Маданият вазири Озодбек Назарбеков билан суҳбатлашди.

— Озодбек ака, 22 декабр куни президент Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди. Сиз ўзингиз ҳам бу тадбирда қатнашдингиз ва унда кўтарилган масалалар бевосита сиз раҳбарлик қилаётган соҳага даҳлдор. Нима деб ўйлайсиз? Нима учун маънавий-маърифий мавзу президент даражасида кўтарилиб муҳокама қилинди, бунга нима зарурат бор эди?

— Ўзи бу йиғилишга 2-3 ойдан бери тайёргарлик бўлаётган эди. Лекин ўтган ойларда президентимизнинг графиклари тиғиз бўлгани учун бироз ортга сурилди. Бу йиғилиш ҳар йили йил якунида бўлиши керак, Маънавият кенгашининг раиси президентимизнинг ўзлари. Ўтган йиллардаги пандемия ва бошқа муаммолар сабаб охирги марта 2019 йил бўлган эди. Бу сафарги йиғилиш Республика миқёсида жуда кенг тарзда бўлди.

Бу йўналишга катта урғу берилиб, шу даражадаги йиғилиш бўлди. Сир эмаски, бутун дунёда беқарор вазият ҳозир, барча кўриб турибди. Халқаро даражадаги келишувлар ҳам кучини йўқотяпти, беписандлик бўляпти. Эртага геосиёсий майдонда давлатлар бу ҳолатдан қай кайфиятда чиқади, дунё сиёсати қай томонга ўзгаради — буни ҳеч ким олдиндан айтиб беролмайди. Сиёсий беқарорлик мавжуд дунёда. Шу маънода Марказий Осиё барча катта давлатларнинг эътиборида турибди, Марказий Осиё уларнинг ҳаммасига керак. Бундай беқарор вазиятда қайси давлатга «учқун» бориб тегиши, бу балонинг урчиб кетмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Шунинг учун ўзимизда миллий иммунитет шаклланиши шарт, жамиятимизга сув ва ҳаводай зарур бу.