АҚШнинг Колорадо штати Олий суди Доналд Трампни келаси йилги президентлик сайловларига қўймаслик бўйича ҳукм чиқарди. АҚШ конституциясининг «исён ва қўзғолонда қатнашган шахслар давлат лавозимини эгалламаслиги» тўғрисидаги тузатиши ҳукм учун асос қилиб олинган.
2021 йил 6 январ куни Трамп тарафдорлари Вашингтондаги Капитолий ва Конгресс биносига бостириб кириб, Байден ғолиб бўлган сайлов натижаларидан норози эканини билдирганди. Суд собиқ президент Трампнинг бу исёнда эҳтимолий алоқасини ҳисобга олиб, унга сайловда иштирок этишни тақиқлади.
Шу тариқа, Трамп АҚШ конституцияси 14-тузатишига кўра сайловда иштирок этиши ноқонуний деб топилган мамлакат тарихидаги илк номзодга айланди. Бунгача ҳам бошқа судлар бир неча марта собиқ президентни сайлов бюллетенларидан номини ўчиришга ҳаракат қилган, лекин бу уринишлар муваффақиятсиз чиққанди.
Колорадо суди ҳукми АҚШ Олий суди тегишли апелляция аризасини кўриб чиқишга улгуриши учун 2024 йил 4 январдан кучга киради.
Судялар иккига бўлинди
Колорадо штати Олий судининг 7 нафар судяси Трампга қарши ишда иккига бўлинди дейиш мумкин. Охир-оқибат овозлар 4:3 кўриниш олиб, Трампга «АҚШ ҳукуматига қарши зўравонликка алоқадорлиги учун» 2024 йилги сайлов бюллетенларида номи кўрсатилиши тақиқланди.
Бу ҳукм Колорадо штат судининг аввалги қарорини бекор қилади. Олдинги ҳукмда 14-тузатиш чиндан исёнда қатнашганларга давлат лавозимини эгаллашни тақиқлаши, аммо бу тузатишни амалдаги президентларга нисбатан ишлатиб бўлмаслиги айтилганди. Чиндан ўша вақтда Трамп мамлакат президенти ҳисобланар, 14-тузатишда эса чеклов президентларга ҳам амал қилиниши аниқ келтирилмаган. Аввалги суд ҳукмида «Трамп ўз тарафдорларини зўравонликка чорлагани», лекин у президент сифатида «АҚШ масъул мулозими» бўлмагани, бу эса уни юқоридаги тузатишга кўра дисквалификация қилиш имконини бермаслиги айтилган.
Трампнинг адвокатлари Капитолийдаги тартибсизликлар исён деб қабул қилинадиган даражада жиддий бўлмаганини айтади. Уларнинг фикрича, ўша куни Трампнинг Вашингтондаги тарафдорлари олдида қилган чиқиши унинг сўз эркинлиги тўғрисидаги қонунда мустаҳкамланган ҳуқуқларидан фойдаланишдир. Аммо Колодаро судининг аксар вакиллари бундай фикрда эмас. Уларнинг айтишича, айнан Трампнинг тарафдорлари олдида қилган чиқиши уларни тартибсизликка ундаган.
Собиқ президентнинг адвокатлари судялар унга сайловда иштрок этишни тақиқлай олмаслигини айтган. Ҳукмга қарши чиққан уч судядан бири бўлган Карлос Самур ҳам шундай фикрда. Унга кўра, ҳукумат ҳеч бир фуқарони маълум қонуний тартибсиз давлат лавозимини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилолмайди.

















