Яқин кунларда Исроил армияси ҲАМАС ҳаракатининг Ғазо секторидаги позицияларига қарши ҳужумларини кучайтиради. Бу ҳақда 25 декабр, душанба куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ўзининг «Ликуд» партияси аъзолари олдида чиқишида айтиб ўтди. Бундан олдин Нетаняҳу Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Ғазо сектори шимолидаги позицияларига ташриф буюриб, уларнинг қўмондонлари билан гаплашган.

«Уларнинг барчаси (Исроил ҳарбийлари) мендан бир нарсани сўради: биз охиригача курашишни давом эттиришимизни, - деди Исроил бош вазири. - Ва биз тўхтамаймиз, ҳужумимизни давом эттирамиз ва уни кучайтирамиз. Бу уруш узоқ давом этади ва у яқин орада тугамайди».

Шу куни Исроил парламентида сўзлаган Нетаняҳу гуруҳга ҳарбий босимни кучайтирмасдан туриб, ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш мумкин эмаслигини айтди. Бунга жавобан залда бўлган исроиллик гаровга олинганларнинг қариндошлари ҳайқириб, яқинларини ҳар қандай ҳолатда ҳам озод қилиш учун зудлик билан чоралар кўришни талаб қилди.

Ғазода икки кун ичида 100 нафар тинч аҳоли ўлдирилгани хабар қилинмоқда

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 декабр куни маълум қилишича, ЦАҲАЛ Фаластин эксклави марказидаги Ал-Савайда қишлоғига уюштирган зарбаси оқибатида кеча тунда 12 киши, Хон Юнусда эса камида 18 киши ҳалок бўлган. Якшанба куни маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилни Ғазо сектори марказидаги Ал-Мағози қочқинлар лагерига ҳужум уюштирганликда айблади, бунинг натижасида, департаментга кўра, камида 70 киши ҳалок бўлди.

Шу билан бирга, фаластинлик жангчилар Ғазо секторидан Исроилга бир неча ракета отган, уларнинг аксарияти Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан тутиб олинган.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.