Россия давлат агентликлари тарқатган маълумотга кўра, Шойгу Россия қўшини Марйинкани эгаллаш орқали, «[Украина қуролли кучлари] артиллериясини Донецкдан анча узоқлаштирган […], ва бу бугунги кунда Донецкни зарбалардан самаралироқ ҳимоя қилиш имконини беради».

Донецкдан бир неча километр жануби-ғарбда жойлашган Марйинка шаҳри 2014 йилда, Россия ва Донбассдаги айирмачилар билан уруш бошланган чоғдаёқ украинларнинг ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидаги мустаҳкам истеҳкомига айланганди.

Украиналик ҳарбийлар рақиб уларни Марйинкадан буткул сиқиб чиқаргани тўғрисидаги маълумотини рад этди.

«Марйинка учун жанглар давом этмоқда. Ҳозирда бизнинг ҳарбий хизматчилар Марйинканинг маъмурий чегараларида бўлиб турибди», — деган украин каналларининг телемарафон эфирида Тавр йўналиши мудофаа кучлари бирлашган матбуот маркази пресс-атташеси Олександр Штупун.

«Шаҳар тўлиқ яксон этилган. Аммо Марйинка тўлиқ ишғол этилгани ҳақида гапириш нотўғри», — дея қўшимча қилган Штупун.

Блогерлар шаҳар чегараларига чиқилганини тасдиқламоқда

Украина ҳарбий блоглари эса Штупиндан кўра Шойгунинг сўзлари ҳақиқатга яқинлигини тасдиқламоқда. Уларнинг айримлари томонидан намойиш этилган хариталарда Россия қисмлари сўнгги вақтларда ҳовузнинг шимолий соҳили ва шаҳар шимолий-ғарбий чеккасидаги собиқ Иван Франко кўчаси бўйлаб олдинга силжиб, унинг маъмурий чегарасига чиққани ва бир вақтнинг ўзида Георгиевка қишлоғига етиб боргани кўрсатилган.

«Тунда душманнинг илғор отрядлари Георгиевкага киришга уринди, аммо ҳаракатни бошлаш босқичидаёқ зарбалар билан тўхтатилди», — дея ёзган душанба куни украин армиясининг 46-десант бригадаси телеграм-канали муаллифлари.

Нима бўлганда ҳам, Марйинка шаҳри тўлиқ эгаллангани ёки тўлиқ эгалланмагани тўғрисидаги баҳслар — бир неча юз метрлик харобалар устидан назорат бўйича баҳслар ҳисобланади. Декабр ойи бошидаёқ шаҳарнинг 96 фоиз ҳудуди руслар назоратига ўтиб бўлганди.

Қолаверса, Украина қуролли кучлари бош штаби ҳарбий ҳаракатларнинг бориши тўғрисидаги кунлик ҳисоботларида Донецк областининг Марйинка шаҳрини тилга олмай қўйган.