Россия яқин келажакда хорижда иккита элчихона ва бешта бош консулхона очади. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Евгений Иванов «Комсомолская правда» газетасига берган интервюсида гапирди.
«Буркина-Фасо ва Экватор Гвинеясида элчихоналар, Капан (Арманистон), Оқтоу (Қозоғистон), Самарқанд (Ўзбекистон), Денпасар (Индонезия) ва Мале (Малдив ороллари) шаҳарларида бош консулхона очиш тўғрисида қарорлар аллақачон қабул қилинган ва ҳукуматлар билан келишилган», деди дипломат.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўринбосарининг таъкидлашича, Россия ҳукумати «дўстона» мамлакатлар ва Россия учун муҳим бўлган географик минтақаларда жойлашган давлатларда дипломатик иштирокини кенгайтиради.







