Украина Феодосия портига зарба берди. Йирик десант кема йўқ қилинган
Украин армияси аннексия қилинган Қрим жануби-шарқидаги Феодосия портига ракета зарбаси йўллагани ва «Новочеркасск» катта десант кемаси йўқ қилинганини хабар қилмоқда. Зарбадан кейин ҳудудда кучли портлаш акс этган видеолар тарқалган, РФ мудофаа вазирлиги ҳужум фактини тасдиқлади.
Феодосия портида ракета зарбасидан туфайли чиққан ёнғин ва кейин рўй берган кучли портлашнинг турли ракурслардан олинган видеолари сешанбага ўтар кечаси маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан ижтимоий тармоқларда тарқатилган. Кўп ўтмай зарба фактини оккупация ҳукумати раҳбари Сергей Аксенов ҳам ўз телеграм-каналида тасдиқлади.
«Порт ҳудуди ўраб олинди. Айни дамда портлаш тўхтаган, ёнғин ўчирилмоқда. Воқеа жойида барча тегишли хизматлар ишламоқда. Бир қанча уйлар аҳолиси кўчирилади», – дея ёзди у.
Кейинроқ эса Украина ҳаво кучлари қўмондони Микола Олешчук Феодосия портида «Новочеркасск» йирик десант кемаси аниқ нишонга олингани ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, генерал-лейтенант Олешчук ижтимоий тармоқлардаги қисқа постида бу амалиёт учун учувчиларга ва «бошқа барча алоқадор шахслар»га миннатдорчилик билдирган.
Твиттерда очиқ разведка маълумотлари билан ишловчи Tatarigami_UA саҳифаси муаллифи Феодосиянинг 24 декабр кунги сунъий йўлдош тасвирларини солиштириб кўрган ва мазкур типдаги десант кемаси – «проект 775» десант кеманинг жойлашуви тунги портлаш ҳудудига мос келишини тасдиқлаган.
Сешанба тонгида Украина ҳаво кучлари зарба қанотли ракеталар билан йўлланганини маълум қилди – айнан қайси типдаги ракетадан фойдаланилганига аниқлик киритилмади.
Украина авиацияси бунгача Қримдаги нишонларга британларнинг Storm Shadow қанотли ракеталари ва уларнинг самолётдан учирилган муқобил вариантлари билан зарбалар йўллаганди. Катта эҳтимол билан, бу сафарги ҳужумда ҳам айнан шундай ракеталар қўлланган.
«Агар арчамиз остида янги совғалар ҳам пайдо бўлмаган бўлса», — дея фикр билдирган украиналик шарҳловчилардан бири ижтимоий тармоқда. Уруш давомида Украина ва унинг иттифоқчилари янги турдаги қуроллар етказиб берилгани ҳақида улар қўллаб бўлинганидан кейин хабар бериши бир неча бор кузатилганди.
РФ мудофаа вазирлиги ҳам Феодосияда «Новочеркасск» йирик десант кемаси Украина қуролли кучларининг авиация зарбаларини қайтариш чоғида шикастланганини тасдиқлаган. Шу билан бирга, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари украинларнинг ракета учирган иккита Су-24 самолёти йўқ қилинганини билдирган.
Сергей Аксенов эса ҳужум оқибатида портда бир киши ҳалок бўлиб, икки киши тан жароҳати олганини, шунингдек олтита бинода шикастланиш ҳолатлари қайд этилганини маълум қилди.
Shahed дронлари бўйича миш-мишлар
Иккинчи портлаш кучига қараганда, «Новочеркасск» бортида қандайдир ўқ-дорилар бўлган.
Тун давомида ижтимоий тармоқларда украиналик кўплаб фойдаланувчилар «Кримский ветер» телеграм-каналининг кема Қримга Эроннинг камикадзе-дронларини олиб келгани тўғрисидаги тахминини такрорлади.
Эрондан Қора денгизга тўғридан тўғри денгиз йўли мавжуд эмаслиги, айланма йўл эса ёпиқлиги туфайли бу тахмин мантиқий кўринмайди: Туркия Монтрё конвенциясига риоя этган ҳолда, уруш вақтида Босфор бўғози орқали ҳарбий кемалар ва юклар ўтишига йўл қўймайди.
Феодосия портида портлаш оқибатида осмонда улкан оловли қўзиқорин шакли ҳосил бўлишига нима сабаблиги ҳақида ҳозирча ишончли маълумот йўқ.
Қисқача хронология
Маҳаллий вақт билан соат икки яримлар атрофида Қрим кўпригида ҳаракатланиш ёпилиши ҳақида эълон қилинди. Одатда ракета ёки дрон зарбалари хавфи юзага келганида шундай қилинади.
Кейин, соат учга яқин Феодосияда дастлабки портлашлар рўй берди. Бу ҳақда украинларнинг Қримдаги обуначиларидан маълумот олиб турадиган «Кримский ветер» телеграм-канали хабар берди.
Шундан сўнг портда — тахминан кема бортида — ёнғин бошланди, соат 3:31 да эса, кучли портлаш бўлди ва порт устида оловли «қўзиқорин» кўтарилди. Ёнғиннинг сўнгги сониялари ва кучли портлаш бошланиши видеоси феодосияликлар томонидан тармоқларга жойланган.
Портлаш кучи туфайли атрофдаги уйларнинг деразалари синиб кетган. Сергей Аксенов порт бўйлаб зарба ҳақидаги хабарида бир қанча уйлар аҳолиси эвакуация қилингани ҳақида ёзган.
«Қурбақа» классидаги кема
«Новочеркасск» — Россия-Украина уруши даврида иккинчи бор зарбага учрамоқда. Украин ракеталари унга биринчи марта 2022 йил мартида Бердянск портига ҳарбий техника олиб келганида урилганди. Ўшанда, норасмий маълумотларга кўра, экипажнинг камида уч аъзоси ҳалок бўлган.
Ўша ракета зарбалари вақтида украин ҳарбийлари Россиянинг бошқа бир десант кемаси «Саратов»ни яксон қилганди. Бошқа бир десант кема «Оленегорский горняк» эса шу йил августида Новороссийскда украин дронлари зарбасига учраган ва таъмирлашга юборилган.
«Новочеркасск» катта десант кемаси — транспортировка ва десант тушириш учун мўлжалланган «проект 775» типидаги кемалардан биридир. Улар советлар даврида Полшада қурилган ва НАТОдагилар бу турдаги кемаларни «қурбақа» (полякчада «ropucha») деп атайди.
Бундай кемалар 480 тонна юк олиб юриши мумкин — масалан, 10 танк ёки бир неча зирҳли техникалар, артиллерия ва турли комбинациядаги автомобиллар — шунингдек 150 нафар десантчи. Кема экипажи сони қарийб 100 кишини ташкил этади.
4 ноябр куни Микола Олешчук Украина қуролли кучлари Керчдаги «Залив» кемасозлик заводига муваффақиятли ракета ҳужумларини амалга оширганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, ўша пайтда завод ҳудудида «Калибр» қанотли ракеталарини олиб кетаётган Россия кемаси бўлган, у ҳам Олешчукнинг сўзларига кўра, «Москва» ортидан равона бўлган». Ўз навбатида, Россия мудофаа вазирлиги «Залив»га учирилган 15 та қанотли ракетадан 13 таси уриб туширилганини билдириб, кемага етказилган зарар ҳақидаги маълумотга изоҳ бермаганди.
Мавзуга оид
22:45 / 09.10.2024
«Цистерналар портлашни бошлайди». Қримдаги йирик нефт базасида бошланган ёнғинни 3 кундан бери ўчириб бўлмаяпти
18:22 / 20.09.2024
Россия Сумидаги кексалар пансионатига зарба йўллади — фотосуратлар
10:28 / 05.09.2024
«Ғазаб ва умидсизликдан бақиргим келяпти». Лвивлик эркакнинг рафиқаси ва уч қизи ҳалок бўлди
11:54 / 04.09.2024