АҚШ Ироқдаги эронпараст жангчилар позицияларига зарбалар берди
АҚШнинг Ироқдаги базасига учувчисиз учоқ томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида уч нафар америкалик ҳарбий жароҳат олди. Пентагон Эрон томонидан қўллаб-қувватланган гуруҳнинг учта объектига ҳаво ҳужуми уюштирилганини эълон қилди.
Эрон томонидан қўллаб-қувватланган жангчилар томонидан Ироқ ва Суриядаги америкалик ҳарбийларга бир қатор ҳужумларга жавобан АҚШ ҳарбийлари Ироқдаги гуруҳ томонидан фойдаланиладиган учта объектга зарба берди. Бу ҳақда Пентагон раҳбари Ллойд Остин 25 декабр куни кечқурун маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, «зарур ва мутаносиб» аниқликдаги ҳаво ҳужумлари АҚШ президенти Жо Байден кўрсатмаси билан амалга оширилган.
АҚШ ҳарбийларининг дастлабки маълумотларига кўра, амалиёт натижасида «Ҳизбуллоҳ»нинг бир қанча жангчилари йўқ қилинган, улар ишлатган объектлар вайрон бўлган. «Ушбу зарбалар Ироқ ва Суриядаги коалиция кучларига ҳужумлар учун бевосита масъул бўлган жангчиларни жавобгарликка тортиш ва уларнинг кейинги ҳужумларни амалга ошириш имкониятларини чеклаш учун мўлжалланган», — деди АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Майкл Курилла.
АҚШ ҳарбийлари Ироқдаги базага дрон ҳужуми оқибатида жароҳат олди
Аввалроқ, гуруҳ Ироқ шимолидаги курдлар назорати остидаги минтақада АҚШнинг Эрбил ҳаво базасига камикадзе-дронлар билан ҳужум қилганди, ҳодиса оқибатида уч америкалик ҳарбий жароҳат олган.
7 октябрда ҲАМАС жангчиларининг Исроилга ҳужуми ҳамда Исроил ва ҲАМАС ташкилоти ўртасида уруш бошланганидан сўнг Ироқ ва Суриядаги АҚШ базаларига ҳужумлар сезиларли даражада ошди. Октябр ойи ўрталаридан бери АҚШ ҳарбийлари 100 дан ортиқ шундай ҳужумларни қайд этган. Уларнинг аксарияти Ироқда содир этилгани учун эронпараст коалицияга алоқадор қуролли гуруҳларнинг эркин иттифоқи жавобгарликни ўз зиммасига олди.
Ироқда 2500 га яқин, Сурияда эса 900 га яқин америкалик аскар жойлашган. Бу мамлакатларда АҚШ бошчилигидаги ҳарбий коалиция ИШИД гуруҳи қайта тикланишининг олдини олишга ёрдам беришни мақсад қилган.
Мавзуга оид
16:56
АҚШ сайловларида республикачилар Конгрессда кўпчиликни қўлга киритди
15:46
“Абадий химикатлар” ёшларда буйрак шикастланишига олиб келиши мумкин — тадқиқот
15:42
Россиядан Венесуэлагача: табиий бойликлар бўйича энг бой давлатлар
10:31