Олий Мажлис ҳузуридаги Ахборот соҳасини ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши томонидан республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг ахборот жиҳатдан очиқлиги юзасидан ўтказилган мониторинг натижалари эълон қилинди.

Маълум қилинишича, рейтинг кўрсаткичлари республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг мансабдор шахслари тўғрисида чоп этилган мақолалар ва кўришлар сони, шунингдек танқидий муносабатлар асосида шакллантиришни назарда тутади.

Мониторинг натижаларига кўра, Рақамли технологиялар, Адлия, Ички ишлар, Иқтисодиёт ва молия вазирликлари фаолияти ахборот жиҳатдан очиқлик талабларига мос келган ҳолда юқори ўринларни эгаллаган. Қишлоқ хўжалиги, Транспорт, Тоғ-кон саноати ва геология ҳамда Маданият вазирликлари эса энг қуйи кўрсаткичларни қайд этган.

Қўшимча қилинишича, вазирликлар тўғрисида 2023 йилда электрон ОАВда эълон қилинган мақолалар сони ўтган йилгига нисбатан сезиларли ўсган. Шу билан бирга танқидий муносабатлар нисбатида пасайиш кузатилмаган.