Давлат департаменти жами 139 та ҳукумат ва Фаластин маъмуриятини текширувдан ўтказди. Уларнинг 73 таси минимал талабларга мос келган. Баҳоланмаган 67 мамлакатдан 14 таси сезиларли яхшиланишни намойиш эта олган. Ўзбекистон бу гуруҳга кирмади.

Америка томонини айнан нима қониқтирмади?

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмига кўра, ҳукумат бюджет лойиҳасини, тасдиқланган бюджетни ва унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ўз вақтида эълон қилган. Ҳужжатлар режалаштирилган даромад ва харажатлар ҳақида етарлича тўлиқ тасаввур берган, харажатлар вазирликлар кесимида тақсимланган. Барча муҳим бюджетдан ташқари ҳисобварақлар ошкор қилинган. Ҳарбий бюджет ва разведка бюджети парламент ёки фуқаролик назоратидан ўтказилган.

Олий аудит органи халқаро мустақиллик стандартларига мос келган ва мазмунли хулосаларни эълон қилган. Табиий ресурсларни қазиб олиш учун лицензия бериш тартиб-қоидалари қонунда белгиланган ва умуман олганда, уларга риоя қилинган, бундай шартномалар бўйича асосий маълумотлар очиқ манбаларда мавжуд бўлган. Суверен жамғарма ҳуқуқий асосга эга бўлган.

Шу билан бирга, Давлат департаменти бир нечта асосий камчиликларни кўрсатиб ўтди:

  • қарз мажбуриятлари, жумладан, йирик давлат корхоналарининг қарзлари ҳақидаги тўлиқ маълумотлар ошкор этилмаган;
  • хорижий қарз олувчиларга берилган суверен кредитлар шартлари эълон қилинмаган (бу мезон 2026 йилги ҳисоботда пайдо бўлди);
  • табиий ресурслардан олинадиган даромадлар тўғрисида батафсил маълумотлар мавжуд эмас;
  • давлат харидлари тўғрисидаги мавжуд маълумотлар эълон қилинмаган.

Америка томони тавсия сифатида бюджетга давлат корхоналарига ўтказмалар ҳақидаги маълумотларни киритишни, қарз мажбуриятларини тўлиқ ошкор қилишни, ташқи қарзлар шартларини ва харидлар тўғрисидаги ахборотни эълон қилишни таклиф этмоқда.

Минтақавий контекст

Марказий Осиёда бу борадаги манзара турлича. Қозоғистон ва Қирғизистон минимал талабларни бажарган мамлакатлар қаторига кирди. Тожикистон ва Туркманистон эса, Ўзбекистон сингари, баҳолашдан ўта олмади.

Ўтган йилги ҳисоботда Ўзбекистон бюджетдан ташқари ҳисобварақларни ошкор қилгани учун сезиларли ютуққа эришгани қайд этилган эди. 2026 йилда бу банд бажарилган бўлса-да, мезонларнинг қатъийлаштирилиши ҳамда қарзлар ва харидлар бўйича камчиликлар сақланиб қолаётгани мамлакатнинг талабларга жавоб берадиган гуруҳга ўтишига имкон бермади.