АҚШ Х-37В махфий ҳарбий космопланини орбитага учирди
Учириш уни юқори орбитага етказа оладиган Falcon Heavy ракетаси ёрдамида амалга оширилди. Пентагон миссия мақсадлари ҳақида фақат «кўплаб илғор тажрибалар» ўтказилишини билдирди.
АҚШда 29 декабр, жумага ўтар кечаси Х-37В махфий ҳарбий космоплани еттинчи маротаба ҳавога кўтарилди. Учириш Флоридадаги Канаверал бурнидан биринчи марта SpaceX компаниясининг Falcon Heavy ўта оғир тоифадаги ракетаси ёрдамида амалга оширилди, у аппаратни аввалгидан ҳам баландроқ орбитага олиб чиқишга қодир. Atlas V ракета ташувчиси ва кейинчалик Falcon 9 томонидан коинотга олиб чиқилган Х-37В’нинг аввалги парвозлари Ердан икки минг километргача баландликда амалга оширилган.
АҚШ Мудофаа вазирлиги миссия ҳақида кам маълумот эълон қилди ва фақат ноябр ойида бу миссия «кўплаб илғор тажрибалар», жумладан «янги орбитал режимларда Х-37В’ни ишлатиш, келажакда космик макондан хабардорлик технологиялари билан тажриба ўтказиш, NASA томонидан тақдим этилган материалларга радиация таъсирини ўрганиш ва бошқаларни» ўз ичига олишини билдирган. Кеманинг орбитада қанча вақт бўлиши маълум қилинмаган, бироқ парвоз 2026 йилнинг июнигача давом этиши кутилмоқда. Охирги марта Х-37В орбитада икки йилдан ортиқ қолиб кетди.
Парвоз уч марта бекор қилинди
Америка космопланининг учирилиши икки ҳафта кечикиш билан содир бўлди, учириш ёмон об-ҳаво ва техник муаммолар туфайли уч марта бекор қилинди. Икки ҳафта олдин Хитой ўзининг Shenlong («Илоҳий аждаҳо») деб номланган махфий роботлаштирилган космик самолётини орбитага жўнатди.
X-37B космик дрони ташқи кўринишидан бошқариладиган космик кеманинг мини-версиясига ўхшайди. Унинг узунлиги тўққиз метр, қанотлари кенглиги - 4,5 метр, учиш оғирлиги - 5 тоннага яқин. У қуёш батареяларидан қувват олади. Орбитада парвоздан сўнг қурилма самолёт режимида қўна олади.
X-37B 2010 йилдан бери фойдаланишда, Boeing ва Lockheed Martin қўшма корхонаси - United Launch Alliance томонидан Пентагон учун ишлаб чиқилган.
Мавзуга оид
09:15
АҚШ Сурияда эронпараст гуруҳлар объектларига зарба берди
16:42 / 11.11.2024
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
14:42 / 11.11.2024
Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
13:30 / 10.11.2024