Ўзбекистон пойтахти аллақачон дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлари қаторида. Йил давомида Тошкент бир неча марта бу борада топ-5 ликда бўлди. Ҳавони тозалашга қаратилган чора-тадбирларнинг кўпи эса фақат қоғозда қолиб кетяпти. Мутахассислар аллақачон бу борада амалий ҳаракатлар кераклигини таъкидлаб келмоқда. Ҳаммада битта фикр: «Энди гап билан иш битмайди, Тошкент ҳавосини яхшилаш учун амалий ҳаракатларни бошлаш шарт».
Тошкент шаҳри ҳавоси йилдан йилга ифлосланиб бораётгани сабаб, қатъийроқ чоралар кўриш кераклиги ҳақидаги чақириқлар кўпаймоқда. Дунё шаҳарларида ўрнатилган ҳаво сифатини ўлчовчи станциялардаги маълумотларни йиғиб борувчи IQAir сайти маълумотларига кўра, 29 ноябрдан 29 декабргача бўлган бир ойлик вақт оралиғида Тошкентда ҳаво сифати хавфли даражага чиққан кунлар сони 18 кунни ташкил этган.
Бошқача айтганда, ҳар уч кундан иккитасида шаҳар ҳавосининг ифлосланиши ҳатто ўртача даражадан ҳам ортиб кетяпти. Ҳаво таркибида PM2.5 дисперс зарраларининг меъёридан бир неча ўн баробар кўпайиши одатий ҳолга айланиб қолди.
Бунинг оқибатлари аллақачон ўзини кўрсата бошлаган. Айниқса болалар ўртасида нафас йўллари касалликлари ва аллергияга чалиниш жуда кўп учраяпти. Бу касалликлар ва ифлос ҳаво ўртасида боғлиқлик борлиги аллақачон ўз исботини топган.
PM2.5 зарралари жуда митти зарра бўлгани учун катта чанг зарраларидек ўз оғирлиги билан ерга қўнмайди, яъни улар ҳавода муаллақ туриб қолади ва учиб юради. Одамнинг юқори нафас йўллари, яъни бурун ва ҳалқум ҳаводаги йирик зарраларни филтрлай олади, лекин PM2.5 каби ўта майда зарралар ўпкагача етиб боради. Бу эса вақт ўтган сари организмнинг кучсизланиши, инфекцияга чалиниб ёки бошқа сабаб билан касалланганида соғайиш учун узоқроқ вақт керак бўлиши, якунда эса аҳолининг умр кўриш давомийлигига салбий таъсир қилиши ва бошқа ҳолатлар ҳақида кўп гапириляпти, лекин вазиятни ўнглашга қаратилган амалий ҳаракатларга ўтилмаяпти.
Амалий ҳаракатлар қандай бўлиши кераклиги борасида 26 декабр куни Экология партия депутати Носиржон Аминов ўз таклифлари билан чиқди.
“2023 йил ҳам якунига етиб боряпти, лекин Тошкент шаҳри ҳавосидаги ифлосланиш даражаси яхшиланишидан дарак бўлмаяпти. Тартибсиз қурилишлар сабабли дарахтлар кесилиши, транспорт воситалари сони кескин ошиб кетиши барибир ўз сўзини айтяпти. Шаҳарда тартибсиз қурилишларни ёки автомобиллар ҳаракатланишини чекламасак, ўнгланишимиз қийин бўладиганга ўхшаб турибди. Кимгадир ёқар ёки ёқмас, аммо ифлосланган ҳаводан болаларимиз нафас олишига томошабин бўлишдан воз кечиш вақти келди”, деди депутат.






