Украинадаги урушнинг 674-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Белгород шаҳри маркази ўққа тутилиши оқибатида 24 киши ҳалок бўлган, деб хабар қилди Белгород области губернатори Вячеслав Гладков. 109 киши яраланган, шундан 25 нафари оғир аҳволда, улар федерал клиникаларга олиб кетилади.
- Россия мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украина қуролли кучлари Белгород томон учирган иккита ракета, шунингдек снарядларнинг катта қисмини уриб туширгани, аммо айримлари шаҳар ҳудудига тушганини маълум қилган.
- Украина махсус хизматларидаги манбалар маълум қилишича, Украина ҚК Белгород областидаги ҳарбий объектларга ҳужум уюштирган, аҳоли яшовчи кварталлар эса гўёки россияликларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг хатолари туфайли зарбага учраган. Россия ҳам бир кун олдин Украинага ёпирилма зарбалари оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини тахминан шундай изоҳлаганди.
- Россия ТИВ Белгород ўққа тутилгач БМТ Хавфсизлик Кенгашининг шошилинч йиғилишини ўтказишни сўради.
- Шу куни кечқурун Харкив ҳам зарбага учради. Сўнгги маълумотларга кўра, шаҳар ўққа тутилиши оқибатида 28 киши жароҳатланган.
- Киевда 29 декабр кунги ракета зарбалари қурбонлари сони 19 кишига етди. Расмийлар 1 январни мотам куни деб эълон қилди.
- Россия мудофаа вазирлиги 30 декабр тонгида тунда Брянск, Орловск, Курск ва Москва областлари ҳудудларида 32 та дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берди.
Куннинг асосий воқеаси. Украинларнинг Белгород бўйлаб зарбаси
Украина қўшини 30 декабр куни кундузи Белгородни ўққа тутди. Украина қуролли кучларининг шаҳар бўйлаб бу зарбаси кенг кўламли уруш бошланганидан буён энг кучли ҳужуми бўлди. Россия ТИВ ҳужум ортида «АҚШ билан келишган ҳолда Киев режимини террорчилик ҳаракатларига ундаётган» Буюк Британия турганини маълум қилган.
Белгород области губернатори Вячеслав Гладков берган сўнгги маълумотларга кўра, зарба оқибатида 24 киши ҳалок бўлган, 109 киши яраланган. Ярадорларнинг 25 нафари оғир аҳволда федерал клиникаларга юбориш учун тайёрланмоқда. Губернаторнинг маълумотига кўра, ҳужум оқибатида 30 та кўп квартирали уйлар, 381 квартира, бир қанча хусусий уйлар ҳамда кўплаб автомобиллар шикастланган.



























