Музокаралар давомида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янада ривожлантириш, жумладан 2024 йил апрел ойида Тошкентда ўтказиладиган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Полша ҳукуматлараро комиссиянинг 8-йиғилиши доирасида ташкил этиладиган бизнес-форумга пухта тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Марек Клочконинг айтишича, Полша томони ўзбек ишбилармон доиралари вакиллари билан электрон тижорат, IT, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда.
Томонлар Ўзбекистон-Полша ишбилармонлар кенгашини тузиш бўйича шартномани комиссиянинг 8-йиғилиши давомида имзолашга келишиб олди. Ҳозирги кунда Полшанинг 8 та давлат билан шунга ўхшаш тузилмалари мавжуд. Агар ушбу кенгаш тузилса, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасидан биринчиси бўлади.
Бундан ташқари, Польша томони Тошкентда аккредитациядан ўтган хорижий дипломатик ваколатхоналарнинг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари учун Ўзбекистон вилоятларига танишув ташрифларини ташкил этишда ўз тажрибаси билан бўлишишга тайёрлигини маълум қилди.
















