Россия қўшини 2 январга ўтар кечаси Украина бўйлаб ёпирилма зарба берди.

1 январ куни кечқурун ва тун мобайнида россиялик ҳарбийлар Shahed-136/131 типидаги 35 та зарбдор дронлар билан зарба йўллаган, дея маълум қилди Украина ҚК ҳаво кучлари. Маълум қилинишича, барча дронлар уриб туширилган. Шунингдек РФ қўшини бир қанча ракета зарбалари амалга оширган: Ту-95МС бомбардимончилари ва МиГ-31К қирувчилари («Кинжал» ракеталари ташувчиси) орқали зарбалар йўллангани хабар қилинган. Украина ҳаво кучлари РФ қўшини «Кинжал»ларни Киев йўналишида учирилганини маълум қилган. Украина омбудсмени Дмитро Лубинецга кўра, Россия Украина бўйлаб 10 дан ортиқ «Кинжал» ракеталари учирган. Бутун Украина бўйлаб ҳаво тревогаси эълон қилинган. Украина регионларида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ишлаган.

Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилишича, ёпирилма зарбалар натижасида, маҳаллий вақт билан соат 10:51 ҳолатига (Тошкент вақти билан 13:51), тўрт киши ҳалок бўлган ва 92 киши яраланган. Зеленский Россия қўшини Украинадаги фуқаролик объектларига ҳужум қилганини таъкидлаган. «Учинчи кундирки ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларимиз жангчилари ақл бовар қилмас иш олиб боришмоқда. 31 декабрдан буён россиялик ярамаслар 170 га яқин „шаҳидлар“ ва ўнлаб турли типдаги ракеталарни учиришди. Уларнинг мутлақо кўпчилик қисми фуқаролик объектларига йўналтирилган», — деган Украина президенти.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний хабар қилишича, Россия қўшини Украинага қилинган ҳужумда турли типдаги 99 та ракетадан фойдаланган. Унинг сўзларига кўра, Ту-95МС русумли 16 та бомбардимончи самолётлар Х-101/Х-555/Х-55 русумли камида 70 та қанотли ракеталар учирган. МиГ-31К қирувчилари Х-47М2 «Кинжал» русумли ўнлаб аэробаллистик ракеталар билан зарба йўллаган. Бундан ташқари, РФ қўшини «Калибр» ракеталари, баллистик ракеталар, шунингдек Х-31П русумли радиолокацияга қарши ракеталар учирган. Залужнийнинг тасдиқлашича, мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 72 та ракетани йўқ қилган: 10 та «Кинжал»дан 10 таси, 70 та Х-101/Х-555/Х-55 русумли қанотли ракеталардан 59 тасини, шунингдек «Калибр» русумли учта қанотли ракетанинг барчасини уриб туширган.

Киев

Киев шаҳри ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попко хабар қилишича, Россия қўшини ҳаводан қўлланадиган қуроллари арсеналининг катта қисмидан фойдаланган. РФ қўшини аввалига Киевга тахминан 15 та Shahed дронлари билан ҳужум қилган, кейин Ту-95МС бомбардимончилари Х-101/Х555Х-55 қанотли ракеталари тўлқинини юборган, МиГ-31К самолётлари эса Киевга Х-47М2 «Кинжал» ракеталарини учирган. Попконинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари барча дронларни, 60 дан ортиқ Х-101/Х555Х-55 русумли ракеталар ҳамда «ўнлаб» «Кинжал» ракеталарини уриб туширган.