Ўзбекистон | 15:30 / 03.01.2024
18349
2 дақиқада ўқилади

Тошкент экология бошқармаси бошлиғи ишдан четлатилиб, бошқарманинг ваколатлари чекланди

Экология вазири Тошкент шаҳар экология бошқармаси бошлиғини бир ойга ишдан четлаштириб, унинг охирги 2 йилдаги фаолияти бўйича хизмат текшируви тайинлади. Бу – пойтахтда мораторийга қарамай дарахткесарликлар тўхтамаётгани билан боғлиқ. Бошқарманинг дарахт кесиш ёки кўчириб ўтқазишга рухсатнома бериш ваколатлари вақтинча вазирликнинг ўзига ўтказилди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг буйруғи билан, Тошкент шаҳар экология бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқоновнинг фаолияти бўйича хизмат текшируви тайинланди.

Вазирлик хабарига кўра, шу муносабат билан Деҳқонов 2023 йилнинг 30 декабридан 2024 йилнинг 1 февралигача ишдан четлаштирилган.

Текширув давомида Тошкент шаҳар экология бошқармасининг барча таркибий бўлинмалари раҳбарлари, ходимларининг фаолияти ҳамда 2021–2023 йиллар давомида бошқарма томонидан давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни кесишга берилган рухсатномаларнинг қонунийлиги ва асослари ўрганилади.

“Таъкидлаш жоизки, пойтахтда мораторий талабларига тўлиқ риоя этилмаётгани, аҳоли томонидан дарахтларнинг кесилиши борасида кўплаб эътирозлар билдирилаётгани, қонунчиликка амал қилинмасдан дарахтларни кесишга ёки кўчиришга қайта-қайта рухсатнома берилаётгани сабабли Экология вазирлиги шу йилнинг 1 февралига қадар Тошкент шаҳар экология бошқармаси ваколатларини чеклашига тўғри келди.

Хусусан, энди дарахтларни кесиш ёки кўчириб ўтқазишга рухсатнома бериш фақатгина вазирликнинг тегишли бошқармаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади”, – дейилади вазирлик ахборотида.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ушбу баёноти билан Юнусобод туманида қурувчилар эман дарахтига шикаст етказаётгани ҳақида тарқалган хабарларни ҳам тасдиқлади.

Пойтахт экология бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганида “Max-Proceccing” МЧЖ мансабдор шахслари томонидан 1 дона эман дарахти тегишли агротехник талабларга амал қилинмасдан Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманига кўчириб ўтқазилгани аниқланган. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан МЧЖнинг мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 198-моддаси 3-қисми ва 229-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид