Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши 2023 йил 28 декабр кунги қарори билан, пойтахтнинг 2024 йилги бюджетини тасдиқлади.
Кенгаш мажлиси жонли эфирга узатилмади.
Бюджет қабул қилинишидан олдин унинг лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун ҳам эълон қилинмади.
Расмийлар Тошкент шаҳри ялпи ҳудудий маҳсулоти 2024 йилда 7,1 фоиз, 2025 йилда 7,3 фоиз, 2026 йилда 7,5 фоиз ўсишини прогноз қилмоқда.
Даромадлар
Туманларни ҳисобга олмаганда пойтахт бюджетининг даромадлари 8 трлн 77 млрд сўм миқдорида прогноз қилинган. Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 82 фоизга (4,4 трлн сўм), 2023 йилга нисбатан 25,9 фоизга (6,4 трлн сўм) кўп.
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи Тошкент шаҳри бюджети даромадларининг энг катта қисмини ташкил қилади – 1,53 трлн сўм.
Кейинги ўринлардаги йирик даромад манбалари юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи (1,25 трлн сўм) ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи (796 млрд сўм) ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи – 713 млрд сўм, айланмадан олинадиган солиқ – 712 млрд сўм, давлат божи – 606 млрд сўм, давлат ташкилотларининг соф фойдасидан даромад – 394 млрд сўм, мобил алоқа хизматларига солинадиган акциз солиғи – 201 млрд сўм ва тамаки маҳсулотларидан олинадиган акциз солиғи – 90 млрд сўмни ташкил этади.
Бундан ташқари, республика бюджетидан Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ажратиладиган трансфертлар 514 млрд сўм бўлиши кўзда тутилган.
https://datawrapper.dwcdn.net/wduPa/1/
Ўтган йил билан таққосланганда, мобил алоқа хизматларидан акциз солиғи бўйича тушумлар қарийб 2,5 баробарга, давлат ташкилотларининг соф фойдасидан олинадиган даромадлар 2,4 баробарга, жисмоний шахслар учун даромад солиғидан тушумлар 2 баробарга кўпайиши прогноз қилинган.
Ўз навбатида, хусусийлаштиришдан келадиган даромадлар 3 баробардан кўпроққа, тамаки маҳсулотларидан олинадиган акциз солиғи 2 баробардан ортиққа, айланмадан олинадиган солиқ 10 фоизга камайиши кутилмоқда.
Туманлар кесимида энг катта даромадлар ва харажатлар прогнози Юнусобод туманига тўғри келмоқда – 174,5 млрд сўм. Энг ками Бектемир туманида – 67 млрд сўм.








