Украина президенти Володимир Зеленский Economist журналига интервю бериб, уруш ҳали якунланмаётгани ва бўшашишга ҳали эрталиги — Украинани қўллаб-қувватлаш орқали Европа ўзига ёрдам бериши ҳақидаги фикрларини ғарб жамоатчилигига етказишга ҳаракат қилди.

Унинг фикрича, Ғарб Украинада содир бўлаётган воқеалар аҳамиятини ҳис қилмай қўйган, аммо уларда Россия устидан ғалаба қозонишдан бошқа чиқиш йўли йўқ.

Зеленскийни Россиянинг жанг майдонидаги муваффақияти ва Украина қуролли кучларида ғалаба қозона олмаётгани эмас (унинг ўзи бундай деб ҳисобламайди), балки иттифоқчилар лагеридаги саросима ва иккиланиш ҳамда айрим ватандошлари ўзини чеккага олишидан ғазаблантиради.

Россиянинг 2022 йил 24 феврал куни бошлаган босқинининг иккинчи кунида Зеленский қисқа, бир ярим дақиқалик видеоролик эълон қилган ва унда шунчаки шундай деганди: «Биз шу ердамиз». У давом этаётган ҳамлалар ва бомбалашларга қарамай, ҳамон Киевдаги ҳукумат комплексида қолмоқда.

Аммо, дея қайд этади Economist, уруш бошланганидан қарийб икки йил ўтиб дунё энди унинг сўзларини аввалги каби диққат билан тингламаяпти, Зеленскийнинг ўзи эса энди воқеалар ривожини моҳирлик билан назорат қила олмаяпти.

«Украинада чарчоқ кучаймоқда. Ғарбда сарлавҳалар Владимир Путин, Россия президенти, ғалаба қозона бошладими, деган мазмунда чиқмоқда. Украинларга ёрдам масаласи Америка ва Европада сиёсий савдо предметига айланди», — дея қайд этади Economist.

Ғарб тезкор ҳаракат қилиш зарурлиги [Украинага ҳарбий ёрдам беришда] туйғусини, кўплаб украинлар эса — экзистенциал таҳдидлар туйғусини йўқотди, дейди Зеленский. «Биз [2023 йилги қарши ҳужумда] дунё истаган ишларга улгурмаган бўлишимиз мумкин. Баъзилар тасаввур қилганидек барчаси бу қадар тез бўлмаслиги мумкин», — дейди Украина президенти.

Путин урушда ғалаба қозонаётгани ҳақидаги фикрни, шунчаки «ҳиссиёт», шунчаки шундай туюлмоқда, деб ҳисоблайди Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, реаллик шундаки, Россия армияси Украинада, жумладан Авдийивкада улкан йўқотишларга учрамоқда. «Минглаб, минглаб ўлдирилган ва жасадларини ҳеч ким олиб кетмаган россиялик солдатлар», — деган Зеленский 2023 йилда Россия бирорта йирик шаҳарни эгаллай олмагани, бу вақтда эса Украина Россиянинг Қора денгиздаги қамалини енгиб ўтишга муваффақ бўлгани ва энди Украина жанубий соҳиллари ҳудудида янги маршрут бўйлаб миллионлаб тонна ғалла ташиётгани ҳақидаги тезисни эслатиб ўтган. «Улкан натижа!» — деган президент.