Экспертлар маълумотига кўра, Тошкент шаҳридаги ҳаво ифлосланишини автоматик назорат қилувчи станциялар томонидан углерод оксиди (CO) миқдори ЖССТ томонидан белгиланган нормадан 4,4 баравар ортгани қайд этилган. Унда РМ 10 майда дисперсли заррачаларининг максимал миқдори 341 мкг/м3 ни ташкил этган бўлса, РМ 2,5 миқдори эса белгиланган нормадан 57 баробар ортиб кетиб, 311 мкг/м3 ни ташкил этган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги атмосфера ҳавосида кислород улушининг ҳам нисбатан камайиб бораётгани аниқланмоқда. Бу ўз навбатида уйқусизлик, ҳолсизлик, бош оғриғи келтириб чиқаради ва мия фаолиятига салбий таъсир қилади.
Мутахассислар атмосфера ифлосланишига республикада иқлим ўзгариши натижасида юзага келаётган об-ҳавонинг экстремал кучайиши, ерларнинг шўрланиши, камсувлик, қурғоқчилик, чангли бўронлар ва атропоген таъсир этаётганини маълум қилишган.
Қуйидагилар эса Тошкент атмосфера ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўляпти:
• яшилликнинг йўқолиши — жойларда дарахт ва буталарни палапартиш кесиш экологик мувозанат бузилишига сабаб бўлмоқда. Масалан, эълон қилинган мораторий даврида 49 мингга яқин, шундан 10,5 мингга яқин қимматбаҳо дарахтлар ноқонуний кесилиши туфайли табиатга 45 миллиард сўмлик зарар етказилган. Шунингдек, магистрал йўллар ва шаҳар ҳудудида, турар жой массивларида кўкаламзорлаштириш фоизи камлигича қолмоқда;
• қурилишдаги хаос — шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан қурилиш ишлари жадал амалга оширилмоқда, хусусан, Тошкент шаҳрида давлат раҳбари томонидан бир неча маротаба қурилиш ишлари амалга оширилмаслиги маълум қилинган бўлса-да, ҳанузгача давом этмоқда. Шунингдек, шаҳардаги қурилишларда СанПин риоя этилмайди ва экологик экспертиза ўтказилмайди. Масалан, оралиқ масофага риоя қилинмасдан баланд бинолар қурилиши шамол айланишини тўсиб қўйган, ҳавога керагидан ортиқ маиший чиқинди чиқарилмоқда;
• машиналар чиқараётган заҳарлар — автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига чиқараётган ифлослантирувчи моддалари ҳажми ошиб боришига транспорт воситаларининг экологик даражаси, фойдаланилаётган ёнилғи ва йўл ҳаракатини ташкил этиш сифатига боғлиқ бўлиб қолмоқда. 2021 йилда 3,14 млн дона автотранспорт бўлган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 4,6 млн донани ташкил этиб, 32 % га ортган. Тошкент шаҳрида бир кунда ўртача 730 минг автотранспорт воситаси ҳаракатланса, қўшимча равишда ҳудудлардан 160 мингдан 300 минггача автотранспорт воситаси кириб келмоқда;
















