Жаҳон | 10:27 / 04.01.2024
6654
3 дақиқада ўқилади

Украинада Венгрияга қочишга уринган 12 эркак қўлга олинди

Россия ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан бери Украинада 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркакларнинг мамлакатни тарк этиши тақиқланган ҳарбий ҳолат жорий қилинган.

Фото: Украина давлат чегара хизмати

Украинада Венгрия билан чегара яқинида чегарани ноқонуний кесиб ўтмоқчи бўлган 12 нафар эркак қўлга олинди, деб хабар қилди мамлакат давлат чегара хизмати 3 январ, чоршанба куни.

Чегарани кесиб ўтмоқчи бўлган эркаклар чегарачиларни пайқаб, қочишга уринган. Улар, ўз навбатида, огоҳлантирувчи ўқ узди. Бундан ташқари, чегарани кесиб ўтишда ёрдам берган воситачининг шахси аниқланди. Эркаклар унга ҳар бири 12 минг гривнадан (290 евро) тўлаган, дейилади департамент баёнотида.

Қўлга олинганларга нисбатан чегарани ноқонуний кесиб ўтиш, чегарачилар буйруғига бўйсунмаслик моддалари билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар тузилди. Уларнинг иши судга юборилган. Чегара хизмати, шунингдек, Молдова билан чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринган икки украиналик қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Украинада сафарбарлик кучайтирилиши мумкин

Россия ҳарбий ҳаракатлари бошидан бери Украинада амалда бўлган ҳарбий ҳолат 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар учун чет элга чиқишни тақиқлашни назарда тутади. Мамлакат расмийлари бир неча бор таъкидлаганидек, Украина қуролли кучларида кадрлар етишмовчилиги бор ва 2024 йилда расмийлар икки йилдан бери жанг қилганлар ўрнига янги ҳарбий хизматчиларни сафарбар этиш ва йўқотишларни қоплаш ниятида.

2023 йил декабр ойи охирида Олий радада мамлакатда сафарбарликни кучайтириш тўғрисидаги ҳукумат қонуни рўйхатга олинган эди. Ҳукумат сафарбарлик учун чақирув ёшини 27 ёшдан 25 ёшга пасайтиришни таклиф қилмоқда. Бундан ташқари, фуқароларни икки тоифага бўлиш таклиф этилган - ҳарбий хизматга «лойиқ» ва «лойиқ бўлмаган», бунда оралиқ - «чекланган ҳолда лойиқ» тоифаси чиқариб ташланади. 

Чақирув қоғозларини топшириш тартибини сезиларли даражада соддалаштириш таклиф этилди. Қонун лойиҳасига кўра, у шахсан, электрон кабинет ёки электрон почта орқали етказилиши мумкин. Ҳарбий хизматдан бўйин товлаганлар учун бир қатор чекловлар ўрнатиш таклиф қилинмоқда. Уларга хорижга чиқиш, кўчмас мулк билан операциялар, автомобил бошқариш ҳамда кредит олиш тақиқланиши мумкин. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид