Бен Габлик, АҚШ:
“Ҳозирда Тошкент Кимё халқаро университети талабасиман. Ватанимда ҳарбий факултетнинг ядровий технологиялар йўналишида ўқиганман. Бу ерда эса рус тилини, туризм, тарих ва дин тарихларини ўрганяпман.
Талабалар алмашинуви дастурида қатнашишимнинг асосий сабаби саёҳат қилиш орзуси билан боғлиқ. Ушбу дастургача мен фақатгина Мексикада бўлганман. Ўзбекистонга келиб таълим олиш эса мен учун катта тажриба бўлмоқда. Янги маданият ва тилни ўрганиш жуда қизиқарли.
Бу ерда тил ўрганиш, мактабда дарс бериш ва мактабдаги баскетбол жамоасига мураббийлик қилиш мен учун жуда мароқли бўлмоқда. Дарслардан ташқари баскетбол билан шуғулланаман. Дўстим Роберт билан доимий равишда машғулотлар ўтказамиз. Иккимиз ҳам Восиқ халқаро мактабида ўқувчиларга мураббийлик қиляпмиз”.
Роберт Смит, АҚШ:
“Бу ерга бир нечта сабабларга кўра келганман. Энг аввало, чет элга чиқишни, дунё кезишни, бошқа миллат ва элатларнинг урф-одатлари, маданиятлари билан яқиндан танишишни истаганман. Ўзбекистонга келганимдан афсусланмайман, чунки бу ердаги инсонлар жуда мулойим, меҳмондўст ва мен бу ерда кўп дўстлар орттирдим.
Тенгқурларимга маслаҳатим, чет элда ўқиш ёки ўзга юртни ўрганиш имконияти туғилса, албатта, бу имкониятдан фойдаланинг. Сиз бу орқали кўп нарсаларни ўрганасиз, энг асосийси, мусофирликда ҳаётнинг қийматини тушуниб етасиз. Масалан, мен 1 йил олдин Тошкентга келиб ўқишим мумкинлиги ҳақида орзу ҳам қилмаганман, аммо бугун мен шу ердаман ва бундан умуман афсусланмайман. Ҳатто, яна 6 ой шу ерда қолишни режа қилдим.
Америка университетлари билан бу ерни солиштириш қийин. Чунки бу университет ҳали ёш ва доим дастурларини яхшилашга, камчиликлар устида ишлашга ҳаракат қилинаётганига гувоҳ бўляпман. Профессор-устозлари ҳам малака ошириш курсларида ўқиётгани, чет давлатларга бориб тренинг ўтиб келиши ривожланиш кетаётганидан далолат беради. Масалан, тиббиёт йўналиши қошида клиника очилиши ҳам катта натижа.
Самимий ва холис баҳоласам, университет таълимига 10 баллдан 6 балл берган бўлардим”.
Марико Русселл, Америка:
“Америкадаги университетим давлат олийгоҳи эди, Тошкент Кимё халқаро университети эса хусусий олийгоҳ. Мен университетлар орасидаги энг катта фарқ шунда деб ҳисоблайман. Бундан ташқари талабаларнинг бир бирига бўлган муносабати тубдан бошқача. Бу ердан барча бир бирига хушмуоамала ва барча бир-бирига ўз оиласи аъзосидек қарайди. Қолаверса ўқитувчилар ҳам бу ерда жуда тажрибали. Айниқса рус тили ўқитувчилари АҚШдаги университетимга қараганда билимли ва юқори кўникмали эканини ҳис қилдим. Америкада мен фақат бизга дарс берган ўқитувчиларимни билардим бу ерда эса барчани инсон сифатида яқиндан таниш ва билиш имконияти мавжуд.














