Эрондаги теракт

Эроннинг Кирмон шаҳрида 4 йил муқаддам ўлдирилган генерал Қосим Сулаймоний дафн этилган Гулзори Шаҳидаий қабристони ёнида портлаш рўй бериб, генерални хотирлаш учун бораётган оломон ичида қурбонларга сабаб бўлган.

Эрон соғлиқни сақлаш вазири Барҳом Айнуллоҳий портлаш қурбонлари сони 103 кишидан ошганини хабар қилди. Ярадор бўлганлар сони 180 дан ошади.

Гувоҳларга кўра, қабристон дарвозаси яқинига ўрнатилган иккита сумка портлаган.

Эрон ички ишлар вазири Аҳмад Воҳидий «Эрон хавфсизлик кучлари имкон қадар тез фурсатлар ичида портлаш учун масъул бўлганларга жавобан қақшатқич ва қатъий зарба бериши»ни ваъда қилган. Эрон Бош прокуратураси теракт бўйича иш очиб, тергов-суриштирув ишларини бошлаган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Россия президенти Владимир Путин ва бошқалар Эрон президенти Иброҳим Раисийга теракт қурбонлари сабаб ҳамдардлик билдиришган.

Турли манбаларга кўра, ушбу терактнинг Исроил махсус кучлари, Суриядаги Эронга қарши ИШИД жангарилари амалга оширган бўлиши мумкин, деган версия илгари сурилмоқда. АҚШ ва Исроил Эрондаги терактга алоқаси йўқлигини маълум қилди.

Эронда теракт қурбонлари хотирасига бугун мотам куни деб эълон қилинди. 

Ғазо аҳолисини депортация қилиш

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ғазо аҳолисини мажбурлаб анклавдан депортация қилишни геноцидга тенглаштирди. Депортация қилинган одамларни қабул қилишга розилик берган давлатлар эса геноцид жиноятининг шериклари ҳисобланади, деди БМТнинг махсус докладчиси Балакришнан Ражагопал.

Бу депортациянинг геноцид деб топилишига асосий сабаб — Ғазо аҳолисининг катта қисми болалардан иборат эканида.

Аввалроқ Исроилнинг ўта радикал ўнг миллатчилар партияларидан чиққан икки вазири — молия вазири, «Ҳа-Цийонут ҳа-Датит» («Диний сионизм») партияси етакчиси Бецалел Смотрич ва ички хавфсизлик вазири, «Оцма Яҳудит» («Кучли Исроил») Итамар бен Гвир Ғазо секторидан фаластинликларни бошқа бир давлатга мажбурий-ихтиёрий депортация қилиш ҳақида гапирган эди.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам «айбдорларни жазога тортиш кераклиги»ни таъкидлаган.