Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида фуқароларни АҚШга ноқонуний юбормоқчи бўлган шахслар ушланди
ДХХ ва бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирларда катта пуллар эвазига АҚШга юбормоқчи бўлган шахслар ушланган.
Жумладан, 1999 йилда Самарқанд вилояти Оқдарё туманида туғилган, ҳозирда АҚШда яшовчи, муқаддам судланган шахс Самарқандда ўқийдиган қариндоши билан ўзаро тил бириктириб, фуқарони Мексика орқали Америкага ишга юбориш эвазига ундан 16 минг доллар талаб қилган.
ДХХ ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Иқтисодиёт ва сервис институти талабаси сўралган пул маблағидан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Маълум қилинишича, ҳозирда АҚШда яшаётган оқдарёлик шахс муқаддам 4 нафар фуқарони Америкага ишга юборишни ваъда қилиб, улардан 41 600 доллар олган ва ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
ДХХ Жиззах вилояти бошқармаси ходимлари томонидан прокуратура департаменти ва ИИБ ходимлари ҳамкорликда Жиззах шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбирда Андижон вилоятида яшовчи 24 ёшли шахс Фориш туманида яшовчи фуқарони алдаб, танишлари ёрдамида уни “Туркия-Европа-Никарагуа-Мексика” орқали АҚШга юбориш эвазига талаб қилинган 17 минг доллардан 10 минг доллар олган вақтида ушланган.
1991 йилда Сирдарёда туғилган, ҳозирда АҚШда яшовчи шахс ва Янгиер шаҳрида яшовчи 32 ёшли шахс ўзаро тил бириктириб, Ховос туманида яшовчи фуқарони Мексика орқали Америкага юбориш, шунингдек, бунинг учун зарур бўладиган виза ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига ундан 8 200 доллар талаб қилган.
ДХХ ва прокуратура департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Янгиер шаҳрида яшовчи шахс 8 100 доллар ва 1 млн 240 минг сўм олган вақтида қўлга олинган.
Қайд этилишича, ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.
Мавзуга оид
23:20 / 13.11.2024
Полшада АҚШнинг ракетага қарши мудофаа базаси очилди
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
22:14 / 13.11.2024
Трамп лавозим тақсимламоқда: Пентагон журналистга, Маскка янги департамент
15:44 / 13.11.2024