Kun.uz мухбири “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Шавкат Икромов ва Камолиддин Раббимовдан Туркия ва Саудия Арабистони муносабатлари қандай шакллангани ҳақида сўради.

— Бир неча кун аввал Туркиянинг икки клуби ўртасидаги футбол учрашуви бекор бўлишига сиёсий сабаб кўрсатилди. Саудия Арабистони нима учун Отатуркка ва Ғазони қўлловчи баннерларга нисбатан тоқатсизлик қилди?

Шавкат Икромов: — Аслини олганда, Саудия томонидан бу сингари тақиқлар анча аввал киритилган. Буни футбол мусобақаси ёки Туркия ва Саудия муносабатлари билан боғлаш тўғри эмас. Саудиянинг 7 октябрдан бери ўтказилаётган тадбирларига қарайдиган бўлсак, мода ҳафталиги, Қизил денгиз кино фестивали, халқаро бизнес форум кабилар – ҳаммаси йил бошида қандай режаланган бўлса, шундай ўтди, фақат бу тадбирларга битта қўшимча чеклов киритилди: ҲАМАС ҳаракатини қўлловчи шиор-белгилар бўлмаслиги керак. Ҳаж ва Умра ибодатлари, масжидларда Фаластин масаласини кўтариш ҳам мумкин эмасди.

Бу ерда Туркия ва Саудия муносабатларига эмас, Саудия ва ҲАМАС муносабатларига эътибор қаратиш керак. ҲАМАСдек нисбатан кичик гуруҳ Саудиядек катта давлатнинг кўпгина лойиҳаларини, ютуқларини йўққа чиқаряпти. Масалан, минтақавий хавфсизлик катта сўроқ остида, Саудия эса кўп йиллардан бери минтақавий хавфсизлик учун ҳаракат қилаётган, Исроил ва Эрон билан алоқаларни барқарорлаштириш йўлидан бораётган эди. Туризм соҳасида катта лойиҳалари бор эди. Буларнинг барчаси ҳозирча хавф остига тушиб турибди, шунинг учун Саудия ҳукумати ҲАМАСга нисбатан салбий муносабатда бўлмоқда. Айтганимдек, бу масалани Туркия ва Саудия муносабатлари доирасида муҳокама қилиш керак эмас.

Камолиддин Раббимов: — Бу ерда барибир сиёсий элементлар мавжуд, менимча. Бу конфликтда асосий бир нечта ёндашув (контекст) мавжуд, деб ўйлайман. Биринчиси, тарихий контекст, яъни Саудийлар сулоласи икки марта ҳокимиятга келишида Усмонли турклар билан курашган ва уларнинг босими остида бўлган.

Иккинчиси, геосиёсий контекст. Минтақада 3 та йирик мусулмон давлати бор: Туркия, Саудия ва Эрон, улар дунёга ўз геосиёсий мафкурасини тақдим этади. Бу борада Эроннинг имкониятлари чекланган, асосий омил уларнинг шиа экани, чунки мусулмон дунёсида 88-90 фоиз одам суннийликда. Ҳозир Саудия ва Туркия ярашишга ҳаракат қиляпти. Араб баҳоридан кейин араб давлатлари Қатарни блокада қилганида Туркия Қатарни сақлаб қолди, ҳарбий базасини ҳам жойлаштирди. Истанбулдаги Саудия консулхонасида Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши фонида Саудия ва Туркия муносабатлари ҳаддан ташқари салбийлашди.