Бундан бир неча кун олдин Адлия вазирлигининг “Адлия янгиликлари” Telegram-каналида 2023 йилда Ўзбекистонда қайд этилган туғилиш ҳолатлари ҳақида инфографика ва маълумотлар эълон қилинди. Ушбу хабар вазирликнинг “Huquqiy axborot” каналига ҳам жойлаштирилди.

Адлия вазирлиги тайёрлаган 2023 йилдаги туғилиш кўрситкичлари қайд этилган инфографика

Унда 2023 йилда республика бўйича ФҲДЙ органлари томонидан 968 140 та туғилиш ҳолатлари қайд этилгани айтилади.

Инфографикада келтирилишича, 2023 йилда туғилиш 2022 йилга қараганда 28 360 тага камайган. Бу маълумот бироз шубҳали кўринди. Чунки узоқ йиллардан буён Ўзбекистонда туғилиш кўрсаткичи мунтазам ошиб бормоқда.

Бу йил ҳам йил бошидан буён ҳар ойлик кўрсаткичлар эълон қилинган ва уларда туғилиш ўтган йилнинг мос даврига қараганда ошиқроқ эканини кўриш мумкин.

11 ой давомида туғилиш кўрсаткичи баланд бўлиб, бир ойда пастлаб кетганига ва 2022 йилдагидан кам бўлганига ишониш қийин эди. Шундан сўнг 2023 йилга тегишли маълумотларни 2022 йилнинг кўрсаткичлари билан солиштириб кўрдик.

Бир йил аввал (2023 йил 9 январ куни) айнан “Адлия янгиликлари” каналида берилган маълумотда 2022 йилда Ўзбекистонда 939 046 та туғилиш қайд этилгани ёзилган. Бу йил 968 140 та бўлгани айтиляпти.

Адлия вазирлиги тайёрлаган 2022 йилдаги туғилиш кўрситкичлари қайд этилган инфографика

Демак, 2023 йилда туғилиш 28 360 тага камаймаган. Аксинча, 29 094 тага кўпайган. Лекин унда нега “Адлия янгиликлари” каналида 2023 йилда туғилиш 2022 йилга қараганда 28 360 тага камайгани ёзилган?

Бу ҳақда жавоб олиш учун Адлия вазирлиги матбуот хизмати билан боғланиб инфографикадаги маълумот нечоғлик тўғри эканини сўрадик. У саволни тегишли масъулларга йўналтирганини айтди. Кейинги сўровимизда “ўрганиб жавобини айтамиз, дейишганди” деган жавоб билан чекланди.