Ҳаво ифлосланиши кутилган ҳолат эди, аммо ташқи техноген омиллар бу жараённи янаям тезлаштириб юборди. Экологиянинг бу тарзда ёмонлашиб кетиши онкологик касалликларни қўзғаб юбориши ҳақида бонг урилмоқда. Табиатни фалажлашга қаратилган ҳар қандай экологик жиноятларга барҳам бериш керак. Экология вазирлиги ёки бошқа тегишли ташкилотлар уйғониши, вазиятни ўнглашга қаратилган кечиктириб бўлмас чоралар кўрилиши керак. Аммо ҳозирча бундай ташаббуслар кўзга ташланаётгани йўқ. Соҳа мутахассислари билан навбатдаги суҳбатида шулар ҳақида гаплашилди.

Атмосфера ҳавоси, унинг ифлосланиши анчадан бери долзарб бўлаётган мавзу. Аммо охирги вақтларда унинг таналарда кучлироқ ҳис қилинаётгани ва чангларнинг кўзга яққол ташланаётгани мавзунинг актуаллигини янаям оширди.

Сезганингиздек бугун жуда кўп муҳокама қилинган ва ҳануз қилинаётган масала – ҳаво ифлосланиши ҳақида гаплашамиз. Kun.uz унинг юзага келиши, сабаблар ва оқибатларини таҳлил қилиш учун иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов, Экология қўмитаси собиқ ходими, экофаол Бунёдбек Абдуллаев ҳамда онколог Олим Имомов билан суҳбатлашди.

— Ўзи экология ифлосланишида масъул ким? Чора кўрадиган ташкилот қайси?

Бунёдбек Абдуллаев: Экология масалалари учун бевосита масъул ташкилот Экология вазирлиги ҳисобланади, ҳаво таркибини, ҳолатни аниқловчи ташкилот эса ЎзГидромет, чора кўриш борасида эса ҳокимият ва маҳаллий идоралар масъул ҳисобланади.

2020-2022 йилларда Экология қўмитасида ишлаган пайтимда яхши мутахассислар бор эди, атмосфера ҳавосини ҳимоя қилиш борасида тадқиқотлар, доимий мониторинг ишлари олиб борилар эди. 3 та йўналишда атмосфера ҳавоси ўрганилади: физик, кимёвий ва биологик йўналишлар бўйича.

Физик йўналишда ҳавога таъсир этувчи тебранишлар, товушлар ўрганилади. Биологик йўналишда ҳаво таркибида инсон соғлиғига таъсир қилувчи майда тирик организмлар ўрганилади. Кимёвий йўналишда эса завод-фабрикалар, машиналар ҳавога чиқараётган чиқиндилар, газлар ўрганилади. Шу йўналишларда ўрганилиб, керакли тавсиялар ишлаб чиқилади.

Масалан, Тошкент шаҳрида ёз ойларида ҳавонинг қуруқлик даражаси ошиб боради ва чанг кўтарилади. Шунинг учун ҳокимиятга кўчаларни пуркаб суғориш ва чангнинг таъсир кучини пасайтириш бўйича тавсия берилади. Бундан ташқари, хонадонларда, касалхона ва бошқа жойларда ҳаво намлантирувчиларидан фойдаланиш ҳам тавсия қилинади, чунки намланган ҳавода майда зарраларнинг зарари камаяди. Бундан ташқари, ҳавони ифлослантираётган корхоналар ҳам бор (уларнинг манбалари 90 фоизи аниқ), ўшаларга жарима солинарди, вақтинча ёпиларди. Ва ўша корхоналарнинг атрофини яшиллаштириш бўйича тавсиялар бериларди. Умуман, атмосфера ҳавоси ифлосланиши саноат ва қурилишнинг ўсиши билан пропорционал ўсади.