Kun.uz’га шу мазмунда мурожаат келиб тушди. Маълум бўлишича, 2023 йил 29 декабр кечаси эри томонидан калтакланган аёл укасини ёрдамга чақирган. Опаси ва жиянларини олиб кетишга борган йигит эса кутилмаганда поччасининг ҳужумига учраган: адвокат унинг қорин, бўйин ва бош қисмига пичоқ урган.
М. биз билан суҳбатда турмушига ўн йилдан ошгани, уч нафар фарзанди борлигини билдирди. Йиллар давомида калтакланиб келгани, унга ҳимоя ордери ҳам фойда бермаётганини айтмоқда.

“Касбим ўқитувчи, уйимизга яқин бўлган мактабда дарс бераман. Турмуш ўртоғимнинг хусусий адвокатлик фирмаси бор. У собиқ ички ишлар ходими. Аввалги иш жойидан ҳам касб этикасига амал қилмагани учун ҳайдалган. Мунтазам ичади ва ҳеч қандай сабабсиз мени, болаларимни калтаклайди. Кўп бор ажрашмоқчи бўлганман, аммо қўрқитиб келган.
“Органда танишларим кўп, укангнинг машинасига “дори” ташлаб, йўқ қилиб юбораман. Прокуратурага айтаман, аканги ишидан камчилик топади, қаматиб юбораман”, деб келади. Отам вафот этган, онам бетоб, онамдан ҳам ажралиб қолмайлик деб, сабр қилиб келдим.
Икки йилча аввал ўғлимнинг бошига капгир билан урди. Болам бошидан оғир жароҳат олиб, анча вақт даволанди. Бўйнимга пичоқ тираши, ўлдириш билан қўрқитишига, аёвсиз калтаклашига ўрганиб ҳам кетгандим. Бироқ ўғлимга чидолмадим. Иш судгача борди, ялиниб келди, бошқа такрорламайман, деб ваъда берди. Судда бизни яраштиришди.
Кўп ўтмай яна шу одатини бошлади. Уйга ичиб келади ва аямай уради. Баъзан ичмаган вақтда ҳам ўзини билмай қолади. Гиёҳванд модда қабул қилса керак, деб ўйлайман. Чунки ўша пайтда кўзига ҳеч нарса кўринмайди.
Ҳимоя ордери ҳам олиб кўрганман, заррача фойдаси бўлмаган. Ордер маълум муддатга берилади, бу вақт давомида ўзини бироз тутиши мумкин. Муддат тугагандан яна эски ишини бошлайди. “Ҳимоя ордеринг бўлса ҳам билганимни қиламан, нари борса 15 суткага қамалиб чиқаман. Лекин сени қўймайман”, дейди.
29 декабр куни кечаси яна асоссиз жанжал бошлади. Ичиб олганди. Бу сафар чидолмай, укамга телефон қилдим. У етиб келди. Қизларим билан укамнинг машинасига чиқдик. Шу пайтда дарвоза ёнида ўғлимни кутиб турган укамнинг олдига эрим чиқиб келди. Ёқалашиб кетишди, деб ўйладим. Укамни ошхона пичоғи билан пичоқлаган экан”, дейди аёл.
Шундан сўнг ички ишлар ходимлари чақирилган. Аёлнинг айтишича, ука шифохонага олиб кетилган, эри эса уйда қолган. ИИБ ходимлари адвокат эрига ўша вақтда ҳеч қандай таъсир чораси кўрмаган. Ариқ ичида ётган ошхона пичоғи ва бошқа далиллар шундоқ қолдириб кетилган.


















