Ўзбекистон | 14:15 / 19.01.2024
2127
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда “яшил энергия” қуввати 2030 йилга қадар 27 гигаваттга етказилади – Сенат

Бу ҳар йили 25 млрд куб метр табиий газни тежаш, атмосферага зарарли ташланмаларни 34 млн тоннага қисқартириш имконини беради.  

Сенаторлар томонидан “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш янада ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.  

Таъкидланишича, ҳозирда мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларининг электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улуши қарийб 10 фоизни ташкил этмоқда. Ўзбекистонда 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 27 гигаваттга етказиб, электр энергияси ишлаб чиқариш умумий ҳажмида “яшил энергия” улушини камида 40 фоизга олиб чиқиш мақсад қилинган. Бу ҳар йили 25 млрд куб метр табиий газни тежаш, атмосферага зарарли ташланмаларни 34 млн тоннага қисқартириш имконини беради.

Белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун амалдаги қонунларда айрим нормаларни қайта кўриб чиқиш тақозо этилади. Мазкур заруратга асосан “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга “яшил энергия” сертификатларини бериш ва муомалага киритишга, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга тааллуқли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Қуввати 300 кВт ва ундан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини ягона электр энергетикаси тизимига улаш фақат ушбу манбалар махсус ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилганидан кейин амалга оширилиши назарда тутиляпти.

Шунингдек, қонун билан Солиқ кодексига қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга асосланган генерация объектларининг “яшил энергия” сертификатлари савдосидан тушган даромадларини фойда солиғидан озод қилишга доир ўзгартиш киритилмоқда.  

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.  

Олдинроқ республиканинг олтита ҳудудда 5 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияси ишга туширилиб, тармоққа уланганди.  

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид