Австриялик Марлен Энгелҳорн 2024 йил 15 январ куни Жаҳон иқтисодий форуми бўлиб ўтадиган конгресс марказига кираверишда “Бойларни солиққа тортинг!” деган ёзувли баннер ушлаб турибди. Энгелҳорн Германиянинг кимё соҳасидаги энг йирик компанияларидан бири бўлмиш BASF'нинг меросхўрларидан бири саналади.
Фото: FABRICE COFFRINI / AFP via Getty Images

Дунёнинг бадавлат инсонлари Швейцариянинг Давос шаҳридаги Жаҳон иқтисодий форумида йиғилган дунё сиёсий етакчиларига очиқ мактуб йўллади. Бу ҳақда CNBC нашри хабар бермоқда.

“Бизнинг илтимосимиз оддий: биздан, жамиятнинг энг бадавлат кишиларидан солиқ ундиришингизни сўраймиз. Бу бизнинг турмуш даражамизни тубдан ўзгартирмайди, фарзандларимизнинг ҳаётига зомин бўлмайди ва мамлакатларимизнинг иқтисодий ўсишига зарар етказмайди. Аммо бу ортиқча ва самарасиз хусусий бойликни умумий демократик келажагимиз учун сармояга айлантиради”, – дейилади хатда.

Очиқ хатда дунё бойлари уч йилдан бери ортиқча бойликка солиқ жорий қилишни сўраб келаётгани, лекин сиёсатчилар буни жавобсиз қолдираётгани айтилади.

“Кўпроқ тўлашдан фахрланаман” деб номланган мактубни 17 та давлатдан бўлган 250 нафардан ортиқ миллиардер ва миллионер имзолаган. Уларнинг орасида энг таниқлилари – Диснейнинг меросхўри Абигайл Дисней, сценарист Саймон Пегг ва машҳур америкалик киноактёрнинг меросхўри Валери Рокфеллер.

Давос форуми давомида “Оксфам” хайрия ташкилоти агар мавжуд тенденциялар давом этса, қашшоқлик яна 229 йил барҳам топмаслигини маълум қилди.

Oxfam хайрия ташкилоти бойлар учун янги солиқ жорий этишга чақирди

Хатни имзолаган бойлардан бири, актёр Браян Кокснинг айтишича, миллиардерлар ўзларининг улкан бойликларидан сиёсий куч ва таъсирга эга бўлиш мақсадида фойдаланиб, демократия ва глобал иқтисодиётга путур етказмоқда.

“Ҳаракат қилиш вақти келди. Агар бизнинг сайланган амалдорларимиз пул ва ҳокимиятнинг бундай концентрациясига қарши курашишдан бош тортса, оқибатлари даҳшатли бўлади”, – деган Кокс.