Сўнгги кун ичида дунёда содир бўлаётган аҳамиятли янгиликлар, воқеа-ҳодисалар ва баёнотларнинг қисқача шарҳи билан кун дайжестида таништирамиз.
Фаластиндаги вазият
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни замонавий фюрер деб атаб, ғарбнинг иккиюзламачилигига ишора қилди
«Улар замонавий фюрер Нетаняҳу ва унинг жамоасининг Фаластин халқига нисбатан қон ва адоватга йўғрилган, геноцидга тенг ваҳшийлигига индамасдан қараб туришибди», — деган Эрдўған.
Эрдўғаннинг айтишича, «инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига нисбатан доим панд-насиҳат қилиб келадиганлар 105 кундан буён гўдаклар, болалар ва аёлларнинг ўлдиришини кўриб кўрмасликка олишмоқда».
БМТ ҳам Жанубий Африка Республикасининг Исроилга нисбатан халқаро суддаги даъво аризасини қўллади. БМТнинг Фаластин масаласи бўйича махсус докладчиси Франческа Албанезе Ғазода геноцид амалга оширилаётгани эҳтимоли жуда катталигини таъкидлаган.
«Мен ЖАРнинг дастлабки чоралар кўриш тўғрисидаги аризасини қатъий қўллаб-қувватлайман, чунки Ғазода геноцид амалга оширилаётгани эҳтимоли катта, деб ҳисоблайман. Уч ойлик бомбалашлар оқибатларига қаранг. Аҳоли зич жойлашган ҳудудларда қўлланиши тақиқланган қуроллардан ҳам фойдаланилган», – деган Албанезе.
Қизил денгиздаги вазият
Ҳусийчилар Исроил билан боғлиқ бўлмаган кемаларга ҳужум қилмасликни ваъда қилишди. «Ансуоруллоҳ» вакили Муҳаммад ал Буҳайтий Яман атрофидаги сувлар маълум бир давлатлар, жумладан Исроил билан боғлиқ бўлмаган бошқа давлатларнинг кемалари учун хавфсизлигини айтди.
«Қолган давлатлар, жумладан, Россия ва Хитой кемалари учун минтақада ҳеч қандай таҳдид йўқ. Биз уларнинг кемалари Қизил денгиздан эсон-омон ўтиб олишини таъминлаймиз, чунки кемачилик мамлакатимиз учун катта аҳамиятга эга», — деган ҳусийчилар вакили.
Бунақа таҳдидлардан сўнг жаҳондаги суғурта компаниялари Қизил денгиз орқали сузувчи АҚШ, Британия ва Исроил кемаларини суғурталашдан бош тортмоқда.
Нуфузли Marsh суғурта компанияси вакили Маркус Бейкернинг сўзларига кўра, суғуртачилар нафақат Вашингтон, Лондон ва Тел-Авивга тўғридан туғри тегишли бўлган, ҳаттоки бироз алоқаси бўлган кемаларни ҳам суғурталашни рад этишмоқда. Қизил денгиздаги таранглик туфайли суғурта нархлари ҳам кескин, 10 мартага ошган. У сўнгги 10 йил ичида илк марта юк ортган кема қийматининг 0,1 фоизидан 1 фоизигача кўтарилган. Масалан, 100 млн долларлик юк ортиб кетаётган кема 1 млн доллар суғурта бадали тўлаши керак.















