1993 йил сентябрда Қозон шаҳрида яшовчи уч нафар шахс Илсур Валеев, Рустем Бареев ва Владимир Диденко иш юзасидан Москва шаҳрига боради ва бедарак йўқолади.

Кўп ўтмай уларни қидириб Қозондан Александр Кабалнов, Булат Куваков ва Сергей Аксанов ҳам Москвага боради. Бироқ бу учовлон ҳам дараксиз кетади.

1994 йил январ ойида Москва яқинидаги Чермянка дарёси коллекторини тозалаш пайтида иккита жасад топилади. Экспертиза жасадлар Александр Кабалнов, Булат Куваковга тегишли эканини маълум қилади.

Шундан сўнг Москва милицияси Қозондан келиб Москвада йўқолган олти нафар шахснинг барчаси ўлдириб юборилганини тахмин қилади. Қолган тўрт кишининг жасади кейин ҳам топилмайди.

Советлар даврида мамлакатда жиноятчилик авж олгани, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ва яширинча фоҳишабозликлар урчигани яшириларди. Бу салбий иллатлар айниқса СССРнинг Европа қисмидаги шаҳарларда авж олганди.

Одамларга “СССРда одамлар бахтли ва фаровон яшаяпти, гиёҳвандлик, жиноятчилик умуман йўқ” деб уқтириларди. Масалан, 1980-йиллар бошида жиноий гуруҳлардан бири кўплаб уруш фахрийларини ўлдириб, қимматбаҳо орден ва медалларини олиб кетганда бу иш ҳам оммадан яширилади.

Ёки Чингиз Айтматовнинг 1980-йил ўрталарида чоп этилган “Қиёмат” романини эслайлик. Асар қаҳрамони вилоятдаги бош газетада мухбир бўлиб ишлайди ва Қозоғистон чўлларида ўсиб турган ёввойи наша СССРнинг турли ҳудудларига қандай тарқатилаётгани ҳақида мақола қилмоқчи бўлади.

Йигитни Қозоғистонга юборган газета бош муҳаррири у ёзиб борган мақолани чоп этишни хоҳламайди. Чунки ўша пайтларда СССРда гиёҳвандлик авж олаётгани ва ёшлар орасида нашавандлар кўпайиб бораётгани зўр бериб яшириларди.

Ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек кун келиб СССРда оммадан яширилган барча ишлар ошкор бўлди. Шу жумладан, 1980-йилларда СССРда тузилган жиноий гуруҳлар фаолияти ҳам.

"Ҳади Тақташ" гуруҳи аъзолари, 1980-йиллар

Москвада бедарак йўқолганларга келсак, кўп ўтмай, ўлдирилган деб тахмин қилинган олти нафар қозонлик Татаристонда анча оммалашган “Ҳади Тақташ” (русчада “Хади Такташ”) деб номланган жиноий гуруҳ аъзолари экани ойдинлашади.

“Ҳади Тақташ” СССР давридаги энг машҳур ва аёвсиз тарзда ишлаган жиноий гуруҳ бўлган. Бу гуруҳ нафақат бошқа гуруҳлар билан “жанг” олиб борган, балки “Ҳади Тақташ”нинг ичида ҳам доимо келишмовчиликлар бўлиб турган.