Жаҳон | 00:31 / 23.01.2024
8244
2 дақиқада ўқилади

Украина ҳукумати Россия билан транспорт алоқаларини 50 йилга узишни таклиф қилди

Бундан ташқари, Украина босиб олинган ҳудудларда берилган денгизчиларнинг малакавий ҳужжатларини тан олмаслик, Россия фуқароларига Украина байроғи остида сузувчи кемаларда хизмат қилишни тақиқлашни таклиф этмоқда.

Фото: ТАСС

Украина Вазирлар Маҳкамаси Россия билан ҳар қандай транспорт алоқаларини 50 йилга тақиқлашни таклиф қилди. Бу ҳақда ҳукумат сайтида эълон қилинган ва бош вазир Денис Шмигал томонидан имзоланган фармойишда белгиланган.

Россия транспорт секторига қарши санкциялар доирасида Украина Вазирлар Маҳкамаси қуйидагиларни тақиқлашни таклиф қилди:

- Украина билан тўғридан-тўғри ҳаво алоқаси, шунингдек, Россия аҳолисининг Украина осмонидан, шу жумладан Украина ҳаво ҳаракатини назорат қилувчилар хизмат кўрсатадиган денгиз устидаги ҳудуддан фойдаланиши.

- Россияда рўйхатдан ўтган транспорт воситаларининг кириши (тиркамали автобуслар ва юк машиналари);

- Россияда рўйхатдан ўтган поездларни Украина божхона ҳудудига кириши;

- Россия байроғи остида сузувчи ёки Россия жисмоний ва юридик шахсларига тегишли бўлган кемаларнинг Украинанинг ички сувларида навигацияси, шунингдек уларнинг Украина денгиз портларига кириши; Босиб олинган ҳудудлар портларига кемаларнинг кириши.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси босиб олинган ҳудудларда берилган денгизчиларнинг малакавий ҳужжатларини тан олмаслик, Россия фуқароларига Украина байроғи остида сузувчи кемаларда хизмат қилишни тақиқлашни таклиф этмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси таклифи 10 кун ичида Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши томонидан кўриб чиқилиши керак. Агар идора таклифни маъқулласа, Украина Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқи, АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Шимолий Ирландиянинг «ваколатли органларини» хабардор қилиши, шунингдек, улар олдида шунга ўхшаш санкцияларни жорий этиш тўғрисидаги «саволни қўйиши» керак.

Мавзуга оид